Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин ўртасида ўтган учрашув ва музокаралар якунлангач, икки мамлакат ўртасида имзоланган муҳим ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Бу маросим икки давлат муносабатларида янги саҳифа очиши билан эътиборга молик бўлди.
Таъкидлаш жоизки, энг асосий ҳужжатлар қаторида «Ўзбекистон–2030» стратегияси билан «Бир макон, бир йўл» ташаббусини ўзаро уйғунлаштиришга қаратилган ҳамкорлик дастури имзоланди. Шунингдек, маданият марказларини ташкил этиш бўйича келишув ҳамда тиббий хизматлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам давлат раҳбарлари томонидан тасдиқланди.
Бундан ташқари, ташриф доирасида қатор йўналишларни ўз ичига олган муҳим келишувларга эришилди. Жумладан:
– Ўзбекистонга замонавий земснарядлар (техник кема) етказиб бериш лойиҳасининг иккинчи босқичини ишлаб чиқиш;
– техник ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш;
– маҳсулот ва хизматларда мувофиқликни баҳолаш соҳасида қўшма ишлар;
– Ўзбекистондан Хитойга қовун ва бодом етказиб беришда фитосанитария талабларига амал қилиш бўйича келишув;
– космик фанлар ва технологиялардан тинчлик йўлида фойдаланишни ривожлантириш;
– рақобат сиёсатини мустаҳкамлаш;
– инсон ресурсларини ривожлантириш борасида ҳамкорликни кучайтириш;
– рақамли иқтисодиёт соҳасида шерикликни кенгайтириш;
– Самарқанд вилояти билан Тянцзин шаҳри ўртасида қардошлик ва шериклик муносабатларини ўрнатиш;
– Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Хитой Халқаро савдога кўмаклашиш кенгаши ўртасида қўшма ҳамкорлик йўлга қўйиш.
Шу тариқа, Пекинда имзоланган ушбу келишувлар нафақат икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқади, балки минтақавий ҳамкорликда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!