Автокредит арзонлашади маҳаллий машинага талаб оширилади

13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида тармоқ ва ҳудудларда иқтисодий ўсиш суръатларини юқори даражада ушлаб туриш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда аҳоли истеъмолини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим чоралар кўриб чиқилди. Шу жараёнда маҳаллий автомобилларга бўлган қизиқишни янада кучайтириш учун автокредит ставкаларини пасайтириш ва кредит ажратиш ҳажмини кенгайтириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда таъкидланишича, ҳозир мамлакатда йилiga 650 минг донагача автомобиль ишлаб чиқариш имкониятига эга 4 та йирик корхона ишламоқда. Энди эса ишлаб чиқариш занжирини янада маҳаллийлаштириш учун жорий йилда 300 дан ортиқ корхона билан кооперация асосида қўшимча 763 турдаги деталь ишлаб чиқариш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, ишлаб чиқариладиган автомобиллар сонини 510 минг донага етказиш зарурлиги ҳам алоҳида урғуланди. Бу талаб ва таклиф мувозанатини ушлаш, бозордаги навбат ва кутувларни қисқартиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Алоҳида эътибор Чирчиқдаги кластер фаолиятига ҳам қаратилди. Агар у тўлиқ қувватда ишлаб, агротехникани арзонроқ нархда чиқара олса ва лизинг компаниялари билан қулай молиявий ечимлар йўлга қўйилса, деҳқон ва фермерлар йилига камида 15 мингта техника харид қилишга тайёр экани айтилди.
Якунда автомобиль саноати масъулларига ҳар бир имкониятни чуқур таҳлил қилиб, жорий йилги ишлаб чиқариш дастурини 10,5 фоиз ўсишга мос ҳолда қайта кўриб чиқиш топширилди.