1 августдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

1 августдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
Қисқача

Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб автокредитлар, мактабга қабул жараёни, суд тизими ва екология соҳаларида бир қатор муҳим ўзгаришлар кучга киради. Жумладан, ески автомобилини траде-ин орқали топширганларга янги автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади ҳамда давлат мактабларининг 1-синфига қабул тўлиқ електрон шаклга ўтказилади. Шунингдек, 2028 йил 1 январгача камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни овлаш вақтинча тақиқланади.

1 августдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор қонунчилик ва маъмурий янгиликлар кучга киради. Улар автокредитлар бўйича имтиёзлар, мактабга қабул тартиби, жамоат хизматлари, суд тизими ва экология соҳасидаги ўзгаришларни қамраб олади.

Автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади

Президентнинг “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида қабул қилинган фармонига мувофиқ, 1 августдан эски автомобилларини trade-in дастури орқали топширган фуқаролар ва юридик шахсларга янги автомашина сотиб олиш учун расмийлаштирилган автокредит фоизининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

1-синфга қабул тўлиқ электрон шаклга ўтади

2026–2027 ўқув йилидан бошлаб давлат мактабларининг 1-синфига қабул тўлиқ онлайн тартибда амалга оширилади.

1 августдан 31 августгача микроҳудуддан ташқарида яшовчи ота-оналар ҳам my.gov.uz ва my.maktab.uz платформалари орқали фарзандларини мактабга рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Камёб ёввойи ҳайвонларни овлаш вақтинча тақиқланади

Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2028 йил 1 январгача Ўзбекистонда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни овлаш тақиқланади. Чеклов илмий тадқиқотлар ҳамда махсус питомникларда етиштирилаётган ҳайвонларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шаҳар дарёлари ва сойлари чавоқлантирилади

1 августдан бошлаб республика марказий шаҳарларидан ўтувчи дарё ва сойларга ҳар йили камида 15 тонна чавоқ ташлаш ишлари бошланади. Лойиҳа 2030 йилгача давом этади ва сув ҳавзалари биохилма-хиллигини сақлашга қаратилган.

Автомобилни жарима майдончасидан QR-код орқали олиш мумкин

Эндиликда транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш учун қоғоз рухсатнома талаб қилинмайди. Барча рухсатномалар электрон шаклда расмийлаштирилиб, QR-код орқали тасдиқланади.

Меҳнат низолари алоҳида ихтисослашган судьялар томонидан кўрилади

1 августдан бошлаб меҳнат муносабатларига оид фуқаролик ишларини кўриб чиқиш учун ихтисослашган судьялар фаолият бошлайди. Янги келиб тушадиган меҳнат низолари айнан ушбу судьялар ўртасида тақсимланади.

Гўшт импорти бўйича субсидиялар давом эттирилади

Аввал 1 августгача амал қилиши белгиланган гўштни ҳаво транспорти орқали импорт қилиш харажатларини қисман қоплаш механизми йил якунига қадар узайтирилади. Бу орқали ички бозорда гўшт нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар