Шавкат Мирзиёев Вашингтонда АҚШ билан йирик лойиҳаларни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ҳамда қўшма лойиҳалар тақдимотида иштирок этди. Тадбир “гапдан — ишга” деган форматда ўтди: музокара, тақдимот, кейин эса аниқ келишувлар.

Учрашувда АҚШ ҳукумати ва молия институтлари вакиллари кенг таркибда қатнашди. Хусусан, савдо вакили Жеймисон Грир, Президентнинг махсус вакили Паоло Замполли, Эксимбанк президенти ва раиси Жон Йованович, АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, шунингдек, «Траксис», «Валмонт Индастрис», «Галф Ойл», «Авижен Бройлер Бридинг Груп», «Жон Дир», «БлэкРок Файнэншл Маркетс Эдвайзори», «Оппенхаймер» ва бошқа етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Видеоалоқа орқали Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари ҳам мулоқотга уланди. Бу эса учрашувнинг “фақат марказда гап бўлди” эмас, ҳудудларгача етиб борадиган амалий режага айланаётганини кўрсатди.
Давлат раҳбари нутқида бу учрашув аввал ўтказилган давра суҳбатининг мантиқий давоми эканини, иқтисодий ҳамкорлик эса стратегик ишонч ва ўзаро манфаатдорлик руҳида янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.

«Бугунги кунда шериклар ишончли, қоидалар аниқ-равшан, ҳамкорлик эса узоқ муддатли бўлиши етакчи ўринга чиқмоқда. Биз Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлигимизни айнан шу мантиқ асосида қурмоқдамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги муҳим йўналишлар ҳам тилга олинди. Президент иқтисодиёт Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири эканини алоҳида қайд этди.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида ўта муҳим хомашё, нефт-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва бошқа тармоқлар санаб ўтилди. Шу билан бирга, АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси ҳамда Эксимбанкининг битимларга ҳамроҳлик қилишда доимий ҳамкор сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Қўшма Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши имкониятларидан янада фаол фойдаланиш зарурлиги ҳам қайд этилди. Ҳудудлараро алоқаларни кучайтириш мақсадида эса Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарларининг АҚШдаги ҳамкор штатларга ташрифларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Яъни ҳамкорлик “пойтахтда қолиб кетмайди”, деган гап.

Тадбир якунида Президент иштирокида қатор муҳим йўналишларни қамраб олган икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Жумладан:
ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини барпо этиш,
ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш,
муҳим минералларни қазиб олиш ва етказиб бериш,
паррандачилик кластери ташкил этиш,
агросаноатни ривожлантириш,
молия бозорини кенгайтириш,
инвестиция муҳитини янада яхшилаш.
Қисқаси, бу ташрифдан “фақат баёнот” эмас, конкрет лойиҳалар портфели чиқяпти. Энди асосий нуқта — имзоланган келишувлар тезроқ ишга тушса, натижаси ҳудудларда ҳам сезилади: янги иш ўринлари, технология, экспорт ва янада каттароқ инвестиция оқими.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!