Ўзбекистон–Тожикистон муносабатлари янги босқичга кўтарилди (фото)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмоннинг давлат ташрифи алоҳида тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, бу воқеа икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат анъаналарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.
Давлат раҳбари сўзларига кўра, мазкур ташриф доирасида илк бор Олий давлатлараро кенгаш йиғилиши ўтказилаётгани ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Бу формат икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мазмунли, амалий ва инновацион ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади.
Йиғилишда ҳукуматлар, парламентлар ва турли идоралар ўртасидаги яқин ҳамкорлик юқори баҳоланди. Ташрифга тайёргарлик жараёнида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, саноат кўргазмалари, шунингдек, ҳудудлар, ректорлар, олимлар ва ёшлар иштирокидаги форумлар муваффақиятли ўтказилгани алоҳида таъкидланди. Айни пайтда мамлакатимизда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.

Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини чуқур таҳлил қилиб, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш бўйича аниқ режаларни белгилаб олди. Ўзаро савдони кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, транспорт ва логистика боғлиқлигини яхшилаш, шунингдек сув ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалалари устувор вазифа сифатида кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, ўтган йил якунига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етган. Бу кўрсаткич, асосан, тайёр маҳсулотлар етказиб бериш ҳисобига сезиларли даражада ошган.
Бугунги кунда саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника ва фармацевтика каби қатор соҳаларда қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда. Шунингдек, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиа, автобус ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилгани савдо ва логистика алоқаларини янада жадаллаштирмоқда.

2030 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Бу мақсадга эришиш учун “Ойбек – Фотиҳобод” чегараолди савдо марказини барпо этишни тезлаштириш, маҳсулотларни сертификатлаш тизимини такомиллаштириш ва “E-Permit” рақамли рухсатнома алмашинувини жорий этиш каби муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Шу билан бирга, тоғ-кон саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва қурилиш соҳаларида янги кооперация дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Истиқболли лойиҳаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшма инвестиция компанияси капитали кенгайтирилиши режалаштирилган.
Томонлар гуманитар ҳамкорликни ҳам унутмади — таълим, фан ва маданият соҳаларида алмашинувларни кучайтириш, диаспоралар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, етакчилар минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олди. Хавфсизлик соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида барча келишувларни изчил амалга ошириш учун кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши белгиланди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!