Риелторлик фаолиятини тартибга солиш бўйича янги қонун маъқулланди

Бугун, 7 апрел куни Сенат ялпи мажлисида кўчмас мулк соҳасидаги муҳим қонун — «Риелторлик фаолияти тўғрисида»ги ҳужжат муҳокама қилинди ва маъқулланди. Ушбу қонуннинг асосий мақсади, кўчмас мулк бозорида шаффофликни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори фаол ривожланиб, янги турар жойлар қурилмоқда ва ипотека бозори кенгаймоқда. Бироқ, ушбу жараённинг суръати билан бирга, норасмий воситачиларнинг кўпайиши ва айрим ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши каби масалалар ҳам кузатилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мавжуд норматив-ҳуқуқий база замонавий талабларга жавоб бермагани сабабли, риелторлик фаолиятини тартибга солиш зарурияти вужудга келган.
Янги қонунга кўра, риелторлик фаолиятининг асосий принциплари, жумладан, қонунга риоя қилиш, холислик, ҳалоллик, ахборот махфийлигини сақлаш ва манфаатлар тўқнашувини йўл қўймаслик каби талаблар белгилаб берилди. Бу, ўз навбатида, риелторларнинг мижозлар олдидаги масъулиятини оширади ва уларга хизмат сифати бўйича катта талаблар қўяди.
Шунингдек, қонунда профессионал жамоат бирлашмаларининг ўрни ҳам алоҳида эътироф этилган. Улар риелторларни сертификатлаш, малакасини баҳолаш ва касбий фаолияти устидан назоратни амалга оширишда муҳим рол ўйнаши белгиланган.
Ушбу қонуннинг маъқулланиши кўчмас мулк бозоридаги муаммоларни ҳал қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида муҳим қадам бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!