Инфляцияга қарши қатъий чоралар: нархлар назорати кучайтирилади

24 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакат иқтисодиётига таъсир қилаётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда жорий йил бошидан буён жаҳонда нефть нархи қарийб 40 фоизга ошгани, глобал зиддиятлар сабаб логистика занжирлари ўзгариб, ташиш харажатлари сезиларли даражада қимматлашаётгани таъкидланди. Бу ҳолат экспорт ва импорт операцияларига ҳам таъсир қилиб, умумий харажатларни 25–30 фоизгача оширмоқда.
Давлат раҳбари инфляция масаласига алоҳида урғу бериб, иқтисодий ўсиш билан бирга нарх-наво барқарорлиги таъминланмаса, аҳоли ва тадбиркорлар учун ижобий натижа сезилмаслигини қайд этди.
«Қанча ҳаракат қилиб иқтисодиётни ривожлантирмайлик, агар инфляция ошиб борса, бу аҳоли даромадларининг қадрсизланишига олиб келади», — деди президент.
Қайд этилишича, импорт инфляцияси ички бозор нархларига қўшимча босим ўтказмоқда. Бироқ бу ҳолатни баҳона қилиб, инфляцияга қарши чораларни сустлаштиришга йўл қўйилмаслиги қатъий таъкидланди. Давлат раҳбари истеъмол саватидаги маҳсулот ва хизматларнинг 70 фоизи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига тўғри келишини алоҳида урғулаб, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини билдирди.
Ҳукумат аъзолари ва ҳудудлар раҳбарларига жорий йилда инфляцияни 6,5 фоиз атрофида ушлаб туриш учун маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириш, нархларни барқарорлаштириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Логистикадаги узилишлар туфайли биринчи чоракда қорамол импорти икки баробар камайгани маълум қилинди. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида авиа ташув орқали келтириладиган ҳар бир наслли қорамол учун 4 миллион сўмгача субсидия ажратиш, гўшт импортида транспорт харажатларининг ярмини қоплаш чоралари жорий этилди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар учун янги ва муқобил транспорт йўналишларини кўпайтириш вазифаси қўйилди. Бу орқали иккинчи чоракда 45 минг тонна, йил якунига қадар эса 130 минг тонна гўшт импортини таъминлаш режалаштирилган.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги камчиликлар ҳам танқид қилинди. Айрим ҳудудларда озуқа экинлари экиш ишлари суст кечаётгани, хусусан, Наманганда режалаштирилган майдонларнинг катта қисми ҳали ўзлаштирилмагани қайд этилди. Шунингдек, бир қатор туманларда силос экиш ишлари ҳам бошланмагани танқид остига олинди.
Картошка етиштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айрим вилоятларда экиш ишлари орқада қолгани сабаб нархлар ошгани таъкидланди. Масалан, март ойида картошка нархи Сурхондарёда 12,4 фоизга, Қашқадарёда эса 9 фоизга кўтарилган.
Президент ҳудудлар раҳбарларига мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, масъулиятни ошириш ва сусткашликка йўл қўймаслик бўйича қатъий топшириқлар берди.
«Яна бир бор таъкидлайман: маблағ ҳам бор, ресурс ҳам етарли. Гўшт ва картошка бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги шарт», — деди давлат раҳбари.
Қисқаси, йиғилишда инфляцияни жиловлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!