date

Олий Мажлис Сенати маҳаллий Кенгашлар ваколатларини кенгайтирди

Oliy Majlis Senati mahalliy Kengashlar vakolatlarini kengaytirdi

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Янги Ўзбекистонда халқ ҳокимиятини тўлақонли рўёбга чиқариш ҳамда давлат бошқарувида маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш ислоҳотларнинг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.

Янги қонун билан маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тизимли ташкил этиш ва ижро ҳокимияти устидан парламент назоратини кучайтириш кўзда тутилган. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида Кенгаш раиси ўринбосари институти жорий этилмоқда. Ушбу лавозим эгаси Кенгаш котибиятига раҳбарлик қилади ва аппаратнинг маҳаллий ижро ҳокимиятидан мустақил бўлишини таъминлайди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Кенгаш Раёсати ташкил этилмоқда. Раёсат таркибига Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, доимий комиссиялар раислари ва сиёсий партиялар гуруҳлари раҳбарлари киритилади. Бу орган сессиялар оралиғидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш вазифасини бажаради.

Яна бир муҳим янгилик – “Кенгаш соати” институтининг жорий этилишидир. Эндиликда депутатлар маҳаллий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларини эшитиш ҳамда аҳолини қийнаётган долзарб масалалар юзасидан тезкор жавоб олиш имкониятига эга бўладилар. Сенат аъзолари ушбу қонун маҳаллий ҳокимият тизимида демократик мувозанатни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлаб, ҳужжатни маъқулладилар.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Олий Мажлис Сенати маҳаллий Кенгашлар ваколатларини кенгайтирди