Олмаотада тил можароси: супермаркетдаги жанжал жаримага олиб келди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги супермаркетлардан бирида юз берган можаро ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Тарқалган видеоларда кўринишича, харидор аёл кассадаги навбатлардан норози бўлиб, дўкон ходимасидан унга рус тилида мурожаат қилишни талаб қилган. Бироқ администратор вазиятни қозоқ тилида изоҳлаб, яқин дақиқаларда қўшимча кассир келишини билдирган. Айнан шу ҳолат томонлар ўртасида кескин тортишувга сабаб бўлган.
Воқеа тез орада ижтимоий тармоқларда тарқалиб, фойдаланувчилар ўртасида турли фикр ва баҳс-мунозараларга йўл очди. Айримлар давлат тилида хизмат кўрсатилишини қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалар эса мижозга қулай тил танлаш кераклигини таъкидлаган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари текширув ўтказиб, иш материалларини судга тақдим этди. Суд қарорига кўра, жанжал кўтарган аёлга 20 МРП миқдорида, яъни тахминан 84 минг тенге (қарийб 3 миллион сўм) жарима белгиланди.






























Изоҳлар 0
…