Канададаги ноёб топилма олимларни ҳайратга солди

Канададаги ноёб топилма олимларни ҳайратга солди

Геологлар Канаданинг Онтарио провинциясида жойлашган Кидд-Крик конидан Ер пўстлоғида тахминан икки миллиард йил давомида ташқи муҳитдан изоляцияланган ҳолда сақланиб қолган сувни аниқлади. Бу ҳақда Торонто университети тадқиқотига таяниб, “Space Daily” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, сув намунаси тахминан уч километр чуқурликдан ер юзига олиб чиқилган. Таҳлиллар ушбу сув узоқ вақт давомида қадимги тоғ жинслари қаърида “қамалиб қолгани” ва атмосфера билан мутлақо алоқада бўлмаганини кўрсатган.

Олимлар сувнинг ёшини аниқлашда унда эриган гелий, неон, аргон ва ксенон каби ацил газлар таркибидан фойдаланган. Мазкур элементлар ёпиқ муҳитда аста-секин тўпланиб боргани сабабли, сувнинг қанча вақт давомида изоляцияда бўлганини баҳолаш имкони пайдо бўлган.

Канададаги ноёб топилма олимларни ҳайратга солди

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, суюқлик жуда шўр бўлиб, ундаги туз миқдори денгиз сувига нисбатан қарийб ўн баравар юқори. Шунингдек, унда яққол сезиладиган аччиқ таъм ва ўткир олтингугурт ҳиди мавжуд.

Олимларни энг кўп қизиқтирган жиҳат эса ушбу қадимги сув таркибида микроорганизмлар аниқланганидир. Мутахассислар фикрига кўра, улар қуёш нури иштирокисиз, сув ва атрофдаги минераллар ўртасида кечган кимёвий реакциялар ҳисобига тўлиқ қоронғулик шароитида яшаб қолишга муваффақ бўлган.

Тадқиқотчилар ушбу топилмани Ернинг қадимий тарихи ҳақида маълумот берувчи ноёб “вақт капсуласи” деб баҳоламоқда. Бу кашфиёт сайёрамизнинг чуқур қатламларида ҳаёт қандай шакллангани ва микроорганизмлар қандай шароитларда миллиардлаб йиллар давомида мавжуд бўла олганини янада яхшироқ тушунишга хизмат қилиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар