Lada Азимут дунёда ягона бўлган олд ойналар иситиш тизимига эга бўлади

AvtoVAZ компанияси янги Lada Азимут кроссовери ўзига хос иситиш тизими билан жиҳозланишини тасдиқлади. Петербург халқаро иқтисодий форумида компания вице-президенти Сергей Громак аввалига "дунёда ҳеч қаерда йўқ — ён кўзгуларни иситиш тизими" ҳақида баёнот берган эди. Бироқ кейинчалик ишлаб чиқарувчи ушбу маълумотга аниқлик киритиб, бу шунчаки янглишиб айтилган гап эканини билдирди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Расмий хабарга кўра, гап аслида олд эшик ойналарини иситиш функцияси ҳақида бормоқда. Бу технология ҳозирда Россия бозоридаги бошқа ҳеч бир автомобилда мавжуд эмас. Компания вакиллари ҳазил аралаш бу янглишувни тузатиб, Lada Азимут моделида ҳам ён кўзгулар, ҳам олд эшик ойналари махсус иситиш тизимига эга бўлишини таъкидлашди.
Маълум қилинишича, ён ойналар худди олд ва орқа ойналар каби махсус иситиш иплари ёрдамида қиздирилади. Ҳайдовчи ушбу функцияни алоҳида тугма орқали ёқиши ва ўчириши мумкин бўлади. Бу ечим айниқса совуқ иқлим шароитида ҳайдовчи учун кўриниш даражасини яхшилашга хизмат қилади.
Ҳозирда AvtoVAZ Lada Азимут кроссоверини серияли ишлаб чиқаришга тайёрламоқда. Моделнинг ранглар палитраси саккизтагача кенгайтирилиши ва турбодвигателли вариантлари синовдан ўтаётгани маълум қилинди. Автомобилнинг сотувлари жорий йилнинг куз фаслида бошланиши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…