17:47 / 03.08.2022
1 873

Шрёдер Путин билан яна учрашганини тасдиқлади

Шрёдер Путин билан яна учрашганини тасдиқлади
Фото: DPA
Германияда Кремлга яқинлиги учун кескин танқид қилинаётган собиқ канцлер Путиннинг Украина ва Ғарб билан можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш истаги борлигини маълум қилди.

Германияда Кремлга яқинлиги ва Россия давлат концернларидаги фаолияти учун кенг танқид қилинган собиқ канцлер Герҳард Шрёдер июль ойи охирида Россия президенти Владимир Путин билан яна учрашганини тасдиқлади. 3 август, чоршанба куни чоп этилган Stern ҳафталиги ва RTL/n-tv телеканалларига берган интервьюсида у Путин Украина ва Ғарб билан можарога музокаралар йўли билан ечим топишни исташини айтди.

Шрёдер бу жараёнда РФ, Украина, Туркия ва БМТ ўртасида Украина озиқ-овқат маҳсулотларини денгиз орқали экспорт қилиш тўғрисидаги келишувнинг тузилишини биринчи муваффақият деб ҳисоблайди. «Эҳтимол, бу аста-секин ўт очишни тўхтатишга қадар кенгайтирилиши мумкин», деди у. 22 июль куни Истанбулда Украина ғалласини экспорт қилиш бўйича келишув имзоланган, бир кун ўтар-ўтмас Одесса порти Россия томонидан ракета ҳужумига учраганди.

Шу билан бирга, собиқ канцлер Германия ва Франция зиммасига тушадиган алоҳида масъулият ҳақида гапириб, ҳозирда уларнинг ҳаракати Украинадаги ҳарбий можарога барҳам бериш учун етарли эмаслигини таъкидлади. У Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан можарони ҳал қилиш бўйича олиб борилаётган ишларни олқишлади. Собиқ канцлер июль ойида ғалла бўйича имзоланган келишувдан ташқари, март ойида Туркияда Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокараларни эслатиб ўтди.

ОАВ томонидан Путиннинг азалий дўсти деб ҳисобланадиган Шрёдер яна бир бор Россиянинг Украинага бостириб киришини «Россия ҳукуматининг хатоси» деб атади, лекин Россия президенти билан шахсий муносабатларини узишдан бош тортди. У «урушни бир неча бор қоралаган» ва шу билан бирга, «унинг Владимир Путиндан шахсий узоқлашиши кимгадир фойда келтирадими» деб савол берганди, дея таъкидлади собиқ канцлер. У бу масала бўйича аллақачон қарор қабул қилганини ва ундан воз кечмаслигини билдирди.

Март ойи бошида, РФнинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бир неча кун ўтгач, Шрёдер Москвага келди ва Путин билан уруш ҳақида гаплашди. Шундан сўнг, у Кремль можарони музокаралар йўли билан ҳал қилишдан манфаатдор эканини айтди. Россиянинг Украинага бостириб кириши билан Германияда Герҳард Шрёдерни танқид қилиш кескин кучайди. Унинг Россия бўйича позициясига норозилик сифатида бир қанча ходимлари истеъфога чиқди, май ойида эса ҳукмрон коалиция собиқ канцлерни бундестагдаги офисидан маҳрум қилди.

Айни пайтда Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) Шрёдерга қарши аъзоликдан маҳрум қилиш жараёнини ўтказмоқда, 17 туман ва шаҳар партия бирлашмаларидан тегишли аризалар келиб тушган. Партияда ҳатто унинг собиқ энг яқин ҳамкорлари ҳам ундан узоқлашган, жумладан Германиянинг амалдаги федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ҳам.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шрёдер Путин билан яна учрашганини тасдиқлади