17:30 / 28.01.2023
1 180

Россия урушни тўхтатишни истаяптими?

Россия урушни тўхтатишни истаяптими?
AzonTV да намойиш этилган «Фикрат» дастурининг навбатдаги сони Россия-Украина урушининг таҳлилига бағишланди. Кўрсатувдаги мунозараларда сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Ҳамид Содиқ иштирок этишди.

Ҳар қандай уруш каби Россиянинг Украинага қилган тажовузи ҳам нафақат украин халқининг бошига мислсиз кулфат солмоқда, балки жаҳон ҳамжамиятини ҳам жунбушга келтирмоқда, жаҳон иқтисодиёти ва соғлом сиёсий мулоқотлар жараёнларига соя солмоқда.

Табиийки, Россия томони ҳам беҳисоб моддий ва молиявий йўқотишларга учраяпти. Аммо улардан ҳам қиммат бўлган ресурс – инсонлар ҳаёти қурбон қилинмоқда.

Киевни уч кунда эгаллаб, руспараст қўғирчоқ ҳукуматни ўрнатиб, Украинанинг тенг ярмини эгаллашни мақсад қилган Путин режими мақсадига ета олмади. Аммо уруш ҳамон тўхтамаяпти. Қонхўр рус режими мағлубиятини тан олишни истамаяпти. Бошқа бир мулоҳазаларга кўра эса, Путин реал воқеликдан узилиб қолган. Ўтган йили уни “рус армияси энг қудратли армия”, деган сафсатага ишонтирган генераллар ва ҳарбий маслаҳатчилар президентнинг “қулоғига лағмон осиш”да давом этишяпти: “фронтда устунликни қўлдан бермаяпмиз, ғалаба муқаррар” деган асосиз фикрни унга уқтириб келишмоқда.

Яна бир шаклланган ёки рус пропаганда машинаси шакллантирган фикрга кўра, Россия уруш тугашини хоҳлаяпти, лекин Ғарб хоҳламаяпти; кучлар тенг - Ғарб Украинани, Шарқ Россияни қўллаяпти; АҚШ ва Ғарбнинг мақсади – урушни тугатиш эмас, балки Путинни тиз чўктириш ва Россияни уруш билан ҳолдан тойидириб, кучсизлантиришдан иборат, деган мулоҳазалар ҳам уруш воқеалари фонида эшитилиб қоляпти.

Аммо бу вазиятга сиёсатшуносларнинг муносабати бизга қизиқ. Сиёсатшунос Фарҳод Толипов бу фикрга қўшилмаслигини айтди.

- Россия урушни хоҳлаяпти, лекин Ғарб ва Америка хоҳламаяпти, деган фикр мутлақо нотўғри, дейди у. - Бунга бир нечта аргумент ва далиллар келтириш мумкин. Юз бераётган жараёнлар очиқ кўриниб турибди. Уруш бошланганига деярли бир йил бўлди. Россияда урушни ёруғ юз билан тўхтатиши учун, босиб олган украин ерларидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши учун етарлича имкониятлар ва фурсат бор эди. Лекин Путин урушни баттар кескинлаштириб юборяпти. Бундай мисоллар жуда кўп.

Масалан, Россия томони уруш майдонида бевосита ҳарбий муваффақиятга эриша олмагач, ноҳарбий фуқаролик обектларига зарба бериш, электр, газ, сув таъминоти тармоқларини йўқ қилиш билан банд. Бундан ҳарбийлар ва аскарлар эмас, оддий халқ, бегуноҳ аҳоли жабр кўряпти. Бу халқаро ҳуқуқда ҳарбий жиноят, деб баҳоланади. Буни ҳатто, инсониятга қарши жиноят, дейиш ҳам мумкин. Урушни тугатиш истагида бўлган томон бегуноҳ одамларга, ноҳарбий обектларга зарба бермайди.

Бошқа бир томондан, Америка ёки умуман Ғарбий Европа давлатлари Россияга қарши урушмаслиги ҳақида бир неча бор баёнот берган. Ҳатто Украинага ҳамдард бўлган АҚШ президенти Байден ҳам “Украинага ҳарбий ёрдам берсак ҳам, Россия ҳудудларини нишонга ололмайдиган қуроллар етказиб берамиз. Уруш эскалациясига йўл қўймаймиз”, дея баёнот бермоқда. Шу мисоллардан ҳам ким урушни истаяпти-ю, ким истамаяпти, аниқ кўриш мумкин
, - деди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ҳам бу фикрларга қўшилган ҳолда, “Ғарб уруш истаяпти, Путинга қарши курашяпти, дейиш мутлақо асоссиз, аксинча Ғарб Путинга нисбатан ўта юмшоқлик қиляпти”, деган мулоҳазани илгари сурди:

- Бугунги Путин шахсияти шаклланишида ҳам Европанинг, хусусан, Германиянинг жуда катта ҳиссаси бор. Путиннинг шахсий бойлик тўплашига ҳам, Россия режимига уруш қилиш имкониятини бераётган моддий ресурслар тўпланишига Европа ҳам ҳисса қўшган. Яна бир нарсани инобатга олиш керакки, Владимир Путин бу уруш билан тамсил қилинадиган сиёсатчи ҳисобланади. Яъни бунинг асосий партияси уруш партияси ҳисобланади. Путин ҳокимиятда қолиш учун, ўзининг пасайиб кетаёган рейтингини кўтариш, халқни чалғитиш мақсадида сайловлар олдидан доим бирор қуролли конфликтни бошлаган.

Грузия билан уруш, Чеченистонга қарши 2 та уруш, Нордост ёки Беслан воқеалари шулар жумласидан. Бу воқеаларнинг ҳаммаси шубҳа-гумонларга тўла, очилмай қолган саволлар кўп. Ёки кўп қаватли уйларнинг портлатилиши ва у ерда ФХХ ходимларининг қўлга тушиб қолиши билан боғлиқ жудаям чигал саволларни туғдирадиган масалалар кўп. Хулоса қилиб айтганда, Владимир Владимирович Путин уруш қилиб турмаса ҳокимият тепасида қололмайди.

Яъни, у ўзининг ички аудиториясига ғалабани Украинанинг маълум бир ҳудудларини тортиб олиш билан тамсиллаш ниятида. Ҳатто Путин урушни тугатишни истаган тақдирда ҳам сиёсий элита бунга рухсат бермайди. Агар Путин ютқазадиган бўлса, уни кўтариб турган сиёсий ва иқтисодий таянчлари қимирлаб қолади
, - дейди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.

Дарҳақиқат, Путин Украинага очган урушнинг мақсадлари ҳақида бераётган баёнотлар доим ўзгариб келмоқда. Аввал ўзи қурол билан шакллантирган қўғирчоқ квазидавлатлар – ДНР ва ЛНР га Украина томонидан босим кўрсатилаётгани учун ёрдам беришимиз керак”, деди. Кейин эса “Украинани демилитаризация ва денацификация қиламиз”, деди. Киевни қўлга кирита олмагач эса “мақсадлар” ўзгариб, “биз тарихан рус ерларини қайтариб олишимиз керак”, дейишди.

Оммавий сафарбарлик эълон қилингач, уруш учун мотивацияси йўқ ёки тинчлик тарафдори бўлган пацифист фуқаролари чет элга қочиб кета бошлагач, уларни ватан хоини деб эълон қилишди. Ҳатто Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин бундай шахсларнинг мол-мулки ва уйларини давлат фойдасига тортиб олиш таклифи билан чиқди.

Шу мисолларнинг ўзиёқ ким уруш тарафдори-ю, ким тинчлик тарафдори эканини кўрсатиб қўймоқда.

Иккинчи жаҳон уруши даврида миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритган фашист Германиясининг ҳарбий ҳаво кучлари – Люфтваффени ташкил этган ва бошқарган генерал Ҳерман Герингнинг сўзлари, назаримизда, бугунги Россия воқелигини аниқ ифодалайди:

Ҳар қандай халқни бошқариш осон – фақат “бизга ҳужум қилишмоқчи”, деб душман топиб бериш керак, барча тинчликсевар одамларни эса ватан хоини, деб эълон қилиш керак”.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг