Биринчи шарқий округ ҳарбий суди Иркутскда 19 январ, жума куни бўлиб ўтган суд мажлисида Россияда сафарбарлик бошланганидан кейин ҳарбий комиссарга қарата ўқ узган Руслан Зининни 19 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда урушга қарши ҳаракатлари учун таъқибга учраганларни қўллаб-қувватловчи «Зона солидарности» лойиҳаси хабар берди.
26 ёшли Зинин террорчилик ҳаракати, қурол-яроғни ноқонуний сақлаш ва қуролни ўзгартиришда айбдор деб топилди. Суд қарорига кўра, у жазо муддатининг дастлабки етти йилини қамоқхонада, қолган йилларини эса қаттиқ тартибли колонияда ўтказиши керак. Прокуратура Зининга 20 йил қамоқ жазосини сўраган.
Ҳарбий комиссарликда сафарбарлик бошлангандан кейинги отишма
Руслан Зинин - Иркутск вилояти Уст-Илимск шаҳридан ёғоч ташувчи юк машинаси ҳайдовчиси. Россия Федерациясида «қисман сафарбарлик» эълон қилинганидан беш кун ўтгач, 2022 йил 26 сентябрда Зинин Уст-Илимск ҳарбий комиссарлигида ўт очди ва ҳарбий комиссар Александр Елисеевни оғир яралади. Воқеадан бир ярим ой ўтиб ҳарбий комиссар касалхонадан чиқарилди.
Зининнинг сўзларига кўра, у чақирув қоғозини олган укасининг сафарбар этилишига тўсқинлик қилишга уринган. Бундан бироз олдин Зининнинг мактабдош дўсти Украинадаги урушда ҳалок бўлган. Зининнинг укаси сафарбар қилинмади. Дастлаб Тергов қўмитаси Зининга қарши ҳарбий хизматчи ҳаётига тажовуз қилиш ва ноқонуний қурол олиб юриш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди.
Зинин судда ҳибсга олинганидан кейинги қийноқлар ҳақида гапирди
Ҳукм чиқарилишидан икки кун олдин «Зона солидарности» Зининнинг судда берган кўрсатмасини эълон қилди. Эркак ҳибсга олинганидан сўнг дарҳол бошига тушган қийноқлар ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, ҳибсга олинганидан кейин икки кун давомида кишанланган ҳолда камерада сақланган.
«Мен кишанларда табиий эҳтиёжларни бажаришга, овқатланишга, ухлашга мажбур бўлдим», деди Зинин. Бундан ташқари, унинг хабар беришича, терговчи биринчи сўроқ баённомасига «ҳақиқатга тўғри келмайдиган» маълумотларни киритган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг