15:48 / 19.04.2024
322

Ставропол ўлкасида ҳарбий самолёт қулади (видео)

Ставропол ўлкасида ҳарбий самолёт қулади (видео)
Фото: Видеодан кадр
Ставропол ўлкаси Красногвардейский округида Ту-22М3 русумли узоқ масофага ҳаракатланувчи бомбардимончи самолёт ҳалокатга учради, деб хабар берган Россия мудофаа вазирлиги.

Қулаган самолёт учувчилари катапулта қилинган. Экипажнинг уч нафар аъзоси қидирув-қутқарув гуруҳи томонидан эвакуация қилинган.

Кейинроқ эвакуация қилинган учувчилардан бири вафот этгани, тўртинчи учувчини қидириш ишлари давом эттирилаётгани маълум бўлди.

Mash манбаси эса қидирилаётган тўртинчи учувчи экипаж командири экани ва у охирги лаҳзагача кабинани тарк этмай, воқеа жойида ҳалок бўлганини маълум қилган.

РФ мудофаа вазирлиги матбуот хизмати қўшимча қилишича, самолёт жанговар топшириқни бажариб қайтаётганида одамлар яшамайдиган ҳудудда ҳалокатга учраган. Унинг бортида ўқ-дорилар бўлмаган. Вазирлик ерда вайронгарчиликлар кузатилмаганини қўшимча қилган.

Дастлабки тахминларига кўра аварияга техник носозлик сабаб бўлгани айтилган. Аммо «Украинская правда» мониторинг телеграм-каналларга таяниб самолёт уриб туширилгани ҳақида ёзди.

Кейинроқ Украина қуролли кучлари ҳам Ту-22М3 украин авиацияси ва Украина бош разведкаси бошқармаси ўтказган амалиёт давомида зенит ракета билан уриб туширилганини маълум қилди. Вазирликка кўра, бундай самолёт биринчи марта уриб туширилмоқда ва у Россия қўшини мунтазам равишда Украина шаҳарлари томон учираётган Х-22 қанотли ракеталарини олиб юради.

Зарба Украина чегарасидан 300 км масофадаги нишонга берилгани маълум қилинган.

19 апрелга ўтар кечаси Россия қўшини Украинанинг Днипропетровск областига ракета зарбалари йўллаганди, ҳужум оқибатида беш қаватли турар жой биноси ҳам шикастланган.

«Агентство» эса товуш тезлигидан тез учувчи Ту-22М3 ракета ташувчиси Россия қўшини Украинага босқин даврида йўқотган учинчи шундай самолёт эканига эътибор қаратган. Шу билан бирга, у ҳавода ҳалокатга учраган биринчи Ту-22М3 бўлди.

Бунгача худди шундай Ту-22М3 самолёти 2023 йил 19 августида Новгород областидаги ҳарбий аэродромга дронлар ҳужуми вақтида ёниб кетганди.

Яна бир самолёт 2022 йил декабрида Рязан ва Саратов областларидаги аэродромлар бўйлаб амалга оширилган дронлар ҳужуми вақтида жиддий шикастланганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ставропол ўлкасида ҳарбий самолёт қулади (видео)