28 йил давомида дунёни пиёда кезган британиялик ниҳоят уйига қайтди

28 йил давомида дунёни пиёда кезган британиялик ниҳоят уйига қайтди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Британиялик Карл Бушби 28 йил давом этган пиёда саёҳатини якунлаб, 2026 йил 2 ноябр куни Англиянинг Халл шаҳридаги уйига қайтди.
  • У 1998 йилда Чилининг Пунта-Аренас шаҳридан бошлаган экспедицияси давомида тўрт қитъа ва 30 та давлат орқали 50 минг километр масофани босиб ўтди.
  • Виза муаммолари, пандемия ва об-ҳаво шароитлари туфайли 12 йилга мўлжалланган сафар 28 йилга чўзилди.

Британиялик Карл Бушби 28 йил давомида дунёни пиёда айланиб чиқиш орзусини амалга оширди. У 1998 йилда бошлаган сафарини якунлаб, 2026 йил 2 ноябрь куни Англиянинг Халл шаҳридаги уйига қайтди.

Карл Бушби сафарга 1998 йил 1 ноябрь куни Чилининг Пунта-Аренас шаҳридан йўл олган. Унинг мақсади транспорт воситаларидан фойдаланмасдан, дунёни айланиб чиқиш ва фақат сафарни тўлиқ якунлагандан кейингина уйига қайтиш эди. Шу вақт давомида у тўрт қитъа ва 30 та давлат орқали тахминан 50 минг километр масофани босиб ўтди.

Саргузаштсевар сафар давомида музлаган Беринг бўғозини кесиб ўтди, Россия, Осиё ва Европа ҳудудлари орқали ҳаракатланди. Шунингдек, 2024 йилда Каспий денгизини 31 кунда, 2026 йил октябрь ойида эса Ла-Манш бўғозини сузиб ўтди. Сўнгги йўналишдаги сузиш уч кун давом этган.

Карлнинг сафарини якунлашига турли қийинчиликлар, жумладан, виза муаммолари, об-ҳаво шароити, молиявий тўсиқлар ва пандемия сабаб бир неча бор кечикишлар юзага келган. Дастлаб тахминан 12 йил давом этиши кутилган экспедиция шу тариқа 28 йилга чўзилди.

Ниҳоят, у 2 ноябрь куни она шаҳрига етиб келди. Карлни онаси Анжела, 36 ёшли ўғли Адам ҳамда шу пайтгача бирор марта кўрмаган 12 ёшли набираси кутиб олди. Онаси билан кўришган саргузаштсеварнинг ҳаяжонли лаҳзалари ҳам оммавий ахборот воситаларида акс этди.

28 йиллик сафардан кейин энди нима билан шуғулланиши ҳақидаги саволга Карл ҳозирча аниқ режаси йўқлигини айтди. Бироқ унинг саёҳати ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда, шунингдек, у китоб ёзиш ва учрашувлар ўтказишни режалаштирган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар