07:30 / 16.08.2024
473

Тергов қўмитаси Навальнийнинг ўлим сабабини маълум қилди

Тергов қўмитаси Навальнийнинг ўлим сабабини маълум қилди
Фото: РИА Новости
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Ямало-Ненец автоном округидаги колонияда “аралаш касаллик” туфайли вафот этган. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг вилоят бошқармаси қарорида айтилади.

Ҳужжатга кўра, дастлабки тергов органлари Навальнийнинг ўлими “жиноий хусусиятга эга эмас, балки қўшма касаллик оқибати” деган хулосага келган. Тергов қўмитаси Навальнийга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки зўравонлик содир этилмаганини ва “аниқланган тан жароҳатлари тиббий манипуляциялар натижаси бўлганини” даъво қилган.

Ҳужжатда суд-тиббий экспертиза хулосаси келтирилган бўлиб, унда Навальний сурункали панкреатит, холецистит, гепатит ва яна бир қатор касалликларга чалингани қайд этилган.

Навальнийнинг ўлими аритмоген характерга эга бўлиб, юрак ритми ва ўтказувчанлигининг бузилиши билан намоён бўлади”, дейилади Тергов қўмитаси баёнотида.

Марҳум сиёсатчининг беваси Юлия Навальнаянинг таъкидлашича, ҳаёти давомида Алексейда юрак хасталиги кузатилмаган. У сиёсатчининг кийим-кечаги, китоблари ва яна бир қанча буюмлари қариндошларига қайтарилмаганидан шикоят қилган ва уларни қайтариб беришни талаб қилган. Навальная, шунингдек, тиббий ҳужжатлар, жумладан, отопция хулосаси ва экспертиза натижаларини Навальний вакилларига топширишни талаб қилган.

Алексей Навальний Ямало-Ненец автоном округидаги колонияда вафот этгани ҳақида Федерал жазони ижро этиш хизмати 16 февраль куни хабар берган эди. Ўлим сабаби тромблар ёрилиши деб айтилган, аммо бу маълумот тасдиқланмаган. 17 февраль куни колония ходимлари сиёсатчининг онаси Людмила Навальнаяга унинг “тўсатдан ўлим синдроми”дан вафот этгани ҳақида хабар берган. Тиббий ўлим гувоҳномасида эса сиёсатчи “табиий сабаблар” туфайли вафот этгани қайд қилинган.

Навальнийнинг жасади 24 февраль куни онасига берилган. Бундан олдин терговчилар Навальнаяни шантаж қилиб, сиёсатчининг дафн маросимини яширин ўтказишни талаб қилган. Алексей Навальний 1 март куни Москвадаги Борисовский қабристонига дафн қилинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тергов қўмитаси Навальнийнинг ўлим сабабини маълум қилди