8 ёшли бола "Spider-Man" га айланиш истагида, ўзини қора бева ўргимчагига чақтирди

Боливиянинг Вичулома шаҳарчасида супер кучларга ега бўлишни истаган 8 ёшли бола ўзини қора бева ўргимчагига атайлаб чақтирди. Дарё бўйида содир бўлган бу воқеадан уч соат ўтгач, болада кучли оғриқ ва ҳолсизлик бошланиб, онасига бу ҳақда айтиб берди. Маҳаллий шифохонада болага қора бева заҳарига қарши махсус антидот юборилиб, 30 дақиқа ичида унинг аҳволи барқарорлашди ҳамда у тўлиқ соғайиб кетди.
Боливияда содир бўлган ғайриоддий воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Мамлакатнинг Оруро департаментига қарашли Вичулома шаҳарчасида 8 ёшли бола ўзининг севимли қаҳрамони — Ўргимчак-одам (Spider-Man) каби супер кучларга эга бўлишни орзу қилиб, ўта хавфли қора бева ўргимчагига атайлаб ўзини чақтирган.
Маълум қилинишича, бола дарё бўйида ўйнаб юрган вақтда тош остидан орқасида қизил белгилари бўлган қора ўргимчакни — қора бевани топиб олган. У машҳур суперқаҳрамон каби ғайриоддий кучларга эга бўлиш умидида ўргимчакни қўлининг орқа қисмига қўйиб, унинг чақишига қасддан йўл қўйган. Кейин эса ўргимчакни шиша идишга солиб, уйига қайтган.
Орадан тахминан уч соат ўтгач, боланинг бутун танасида кучли оғриқ, суяк қақшаши ва оғир ҳолсизлик бошланган. Аҳволи тобора ёмонлашгач, у онасига воқеани тўлиқ айтиб берган. Шундан сўнг онаси фарзандини зудлик билан маҳаллий шифохонага олиб борган.
Шифокорлар болага дарҳол қора бева заҳарига қарши махсус антидот (зиддизаҳар) юборишган. Тахминан 30 дақиқа ичида унинг аҳволи барқарорлашган. Mаълумотларга кўра, бола ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли омон қолган ва кейинчалик бутунлай соғайиб кетган.
Қизиқ жиҳати шундаки, Боливияда бундай ҳолат биринчи марта кузатилаётгани йўқ. 2020 йилда ҳам худди шу мақсадда икки ака-ука ўзларини қора бева ўргимчагига чақтириб, шифохонага тушгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Мутахассислар эса болаларга фильм ва комикс қаҳрамонларини тақлид қилиш орқали ҳаёт учун хавфли тажрибалар ўтказмаслик кераклигини яна бир бор эслатмоқда. Қора бева ўргимчагининг заҳари инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлиб, бундай ҳолатларда зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.






























Изоҳлар 0
…