23:54 / 21.02.2025
710

Путин Абрамовични Украина бўйича музокарачилар гуруҳига киритмади

Путин Абрамовични Украина бўйича музокарачилар гуруҳига киритмади
Фото: ТАСС
Миллиардер Роман Абрамович Путин томонидан Доналд Трамп маъмурияти билан музокаралар олиб бориш вазифаси юкланган гуруҳга киритилмади. 58 ёшли Абрамович бундан олдин РФнинг Ғарб ва Украина билан алоқаларида «Кремлнинг норасмий вакили» ролини бажарган, деб ёзади The Moscow Times. Миллиардер 2022 йилда «ғалла битими»нинг тузилишида, 2023 йилда ҳарбий асирлар алмашинуви ва Украинадан олиб чиқиб кетилган болаларнинг қайтарилишида иштирок этган.

Нашрнинг вазиятдан хабардор манбасига кўра, Абрамовичнинг асосий функцияси у бир вақтнинг ўзида Владимир Путин ва Володимир Зеленский билан алоқада бўлганида эди. Аммо эндиликда ушбу «плюслар»га эҳтиёж йўқ. «Кремл энди Украина президенти билан ўзаро муносабатлардан манфаатдор эмас», — дейди манба.

Саудия Арабистонида Америка делегацияси билан ўтказилган музокараларга Путин ТИВ раҳбари Сергей Лавров, ўзининг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков, шунингдек, Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриевни юборган. Дмитриев Путинга оилавий алоқалари сабаб яқин: у Путиннинг кенжа қизи Екатерина Тихонованинг яқин дўсти ва бизнес шериги Наталя Поповага уйланган.

Шунингдек, Ар-Риёдда Трамп билан бевосита битимлар тузишда тажрибага эга миллиардер Дмитрий Риболовлев ҳам кўзга ташланган. 2008 йилда у Трампдан Палм-Бичдаги мулкини 95 миллион долларга сотиб олган — ўша вақтда бу сумма Флорида кўчмас мулк бозори учун рекорд ўрнатганди. Риболовлев билан битим Трампга деярли 100 фоизли даромад келтирган — америкалик бизнесмен ушбу кошонани 2004 йилда 41,3 миллион долларга сотиб олганди.

Россиянинг музокарада иштирок этувчилар жамоаси Кремлдан Америка делегацияси билан «максимал даражада дўстона бўлиш» ва ҳатто АҚШ ҳамда шахсан Трампга «мақтовли муносабат» кўрсатиш топшириғини олган. Манбаларнинг сўзларига кўра, Москва Вашингтон мамлакатнинг музлатилган активларини (6 миллиард доллар) блокдан чиқаришга, шунингдек, санкцияларнинг бекор қилиниши ва Обама маъмурияти даврида олиб қўйилган дипломатик дачаларнинг қайтарилишида ёрдам беришига умид қилмоқда.

The Moscow Times манбаларининг таъкидлашича, жамоа вазиятга қараб кенгайиши мумкин. Маслаҳатлашувларга кўпчилик, жумладан, Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин, ТИВ раҳбари ўринбосари Сергей Рябков ва Яқин Шарқ бўйича махсус вакил Михаил Богданов жалб этилади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг