
АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Украинага қўшимча хавфсизлик кафолатлари бермаслигини таъкидлади. “Мен бизда мавжуд бўлганидан ортиқ хавфсизлик кафолатларини тақдим этмайман. Бу масалани Европага қолдирамиз... Лекин биз, албатта, ҳаммаси яхши бўлишига ишонч ҳосил қиламиз”, деди Трамп 26 февраль куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида. Унга кўра, агар Европа тинчликпарвар кучлари Украинага киритилса, Вашингтон бу ташаббусни қўллаб-қувватлаши мумкин.
Трамп Украинадаги урушни тўхтата олишига ишонч билдирди. Унинг фикрича, Россия тинчлик музокараларида ён беришга мажбур бўлади. “Биз ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлган келишувга эришиш учун қўлимиздан келганини қиламиз”, — деди Трамп журналистларга. Шунингдек, у келишув Украинага фойдали бўлишига кафолат беришга ҳаракат қилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Украинага йўқотилган ҳудудларнинг бир қисмини қайтариб олишга ёрдам бериши мумкин, бироқ бу мураккаб масала.
Шу билан бирга, Трамп Украина “НАТО ҳақида унутиши” лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, уруш айнан Украина Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш истаги сабабли бошланган.
АҚШ президенти Владимир Зеленскийнинг 28 февраль куни Вашингтонга ташриф буюришини тасдиқлади. Унга кўра, Зеленский АҚШ билан “нодир ва бошқа материаллар” бўйича келишув имзолаш учун келмоқда. Трампнинг таъкидлашича, ушбу келишув Байден маъмурияти томонидан Украинага ажратилган ҳарбий ёрдамни қоплашга ёрдам беради ва Қўшма Штатларга катта фойда келтиради.
Аввалроқ, Зеленский бу келишув Украинага берилган ҳарбий ёрдамни қоплаш билан боғлиқ эмаслигини билдирган эди. Шунингдек, у ҳужжатда АҚШ ҳукумати Украинага узоқ муддатли тинчликка эришиш йўлида хавфсизлик кафолатларини тақдим этиши қайд этилганини маълум қилган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар