
Истанбулда Россия ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида дипломатик миссиялар фаолиятини нормаллаштириш масалалари юзасидан маслаҳатлашувларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди. Музокаралар 5,5 соат давом этди ва ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.
ТАСС маълумотига кўра, музокаралар Россия бош консулхонасида ташкил этилган бўлиб, Америка делегацияси учрашув якунида бинодан биринчи бўлиб чиқиб кетган.
Қайси делегацияга ким раҳбарлик қилди?
Россия делегациясига РФнинг АҚШдаги элчиси Александр Дарчиев бошчилик қилган бўлса, АҚШ делегациясига давлат котибининг Европа ва Евросиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Соната Колтер раҳбарлик қилди.
Томонлар музокаралар якунида оммавий ахборот воситаларига изоҳ бермасликка қарор қилган. Учрашув натижалари кейинроқ мамлакатларнинг ташқи сиёсий идоралари орқали эълон қилиниши кутилмоқда.
Музокараларда қандай масалалар кўтарилди?
Россия томони музокаралар доирасида аввал тортиб олинган дипломатик мулкни қайтариш ва тўхтатилган тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш масалаларини кўтаришни режалаштирган.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги учрашув олдидан томонлар дипломатлар фаолиятини қийинлаштирувчи техник тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишни давом эттиришини маълум қилган эди.
Эслатма:
27 февраль куни ҳам Истанбулда шунга ўхшаш музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтганди. Ўшанда АҚШ делегацияси икки мамлакат дипломатик ваколатхоналари фаолиятини нормаллаштириш учун аниқ қадамлар белгилаб олинганини айтган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!