Мумбайнинг юраги: 130 йиллик БМК бош қароргоҳи ва шаҳар тарихига саёҳат

Мумбайнинг юраги: 130 йиллик БМК бош қароргоҳи ва шаҳар тарихига саёҳат
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Мумбайда жойлашган 130 йиллик Бриҳанмумбай муниципал корпорацияси (БМК) бош қароргоҳи, 1893 йилда Фредерик Уилям Стивенс томонидан Индо-сарацин ва нео-готика услубида қурилган меъморий дурдонадир.
  • Ушбу тарихий бинода Баландлиги 72 метр бўлган марказий минора, 50 метрли ички гумбаз, махфий архив хонаси ва 130 йил аввал қурилган гидравлик лифт мавжуд.

Ҳиндистон бўйлаб давом этаётган халқаро медиа-тур доирасида делегациямиз мамлакатнинг молия ва саноат пойтахти — улкан Мумбай шаҳрига етиб келди. Сафарнинг марказий тадбирларидан бири сифатида дунёдаги энг йирик шаҳар маъмуриятларидан бири ҳисобланган Бриҳанмумбай муниципал корпорацияси (БМК) бош қароргоҳида учрашув ва махсус брифинг ташкил этилди.

Меъморий дурдона ва муҳандислик мўъжизаси

1893 йилда машҳур инглиз меъмори Фредерик Уилям Стивенс лойиҳаси асосида қуриб битказилган ушбу муҳташам бино Индо-саратсин ва нео-готика услубларини ўзида мужассам этган. Унинг рўпарасида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган машҳур Чҳатрапати Шиважи (КСТ) темирйўл вокзали қад ростлаган.

Бинонинг диққатга сазовор жиҳатлари:

Баландлик ва ички гумбаз: Марказий минора ва ташқи гумбаз қарийб 72 метр (235 фут) баландликка кўтарилган. Бино ичида эса махсус акустика ва ҳаво айланиши учун мўлжалланган иккинчи — ички гумбаз қурилган бўлиб, унинг баландлиги 50 метрни ташкил этади.

Тарихий гидравлик лифт ва сирли архив: Гумбаз остида ҳукуматнинг махсус махфий архив хонаси жойлашган. Шунингдек, қарийб 130 йил олдин электр энергиясисиз ҳаракатланувчи сув босимига асосланган гидравлик лифтни ишлатиш учун ҳар бири 10 минг галлонли иккита улкан сув сақлагич барпо этилган.

Сметадан орттирилган маблағ: Қурилиш 1889 йил 23 апрелда бошланиб, 1893 йил июльда якунланган. Энг ҳайратланарлиси, ўша даврда лойиҳа учун 11 лакх 88 минг рупий ажратилган бўлса-да, аниқ ҳисоб-китоб ва маҳаллий ҳинд усталарининг меҳнати эвазига ҳақиқий харажат 11 лакх 19 минг рупийни ташкил этган — яни қурилиш сметадан арзонроққа тушган.

Мумбай реаллиги: Кундузи 20 миллион, тунда 13 миллион аҳоли

Брифингда шаҳар расмийлари ва муҳандислари иштирокида Мумбайнинг демографик ва инфратузилмавий ҳақиқатлари очиқланди.

«Сузувчи» аҳоли оқими: Расмий рўйхатдан ўтган аҳоли сони 13 миллионга яқин бўлса-да, ҳар куни шаҳар ташқарисидан Мумбай марказига поезд ва жамоат транспортларида 7 миллиондан зиёд киши ишга келиб-кетади. Натижада кундузи шаҳар аҳолиси 20 миллиондан ошади. Шаҳарнинг кунлик ҳаёти 3 200 та шаҳарлараро поезд ва автобуслар ҳаракатига боғланган.

Чекланган ҳудуд ва Дҳарави мавзеси: Мумбай дастлаб 7 та алоҳида оролдан иборат бўлиб, кейинчалик қуруқликка айлантирилган. Ер майдони чеклангани боис шаҳар ён томонга эмас, фақат осмонўпар бинолар ҳисобига тепага қараб ўсмоқда. Дунёга машҳур Дҳарави мавзеси каби зич ҳудудларни реновация қилиш учун алоҳида давлат агентлиги (СРА) ташкил этилган бўлиб, аҳолини босқичма-босқич хавфсиз ва замонавий кўп қаватли уйларга кўчириш режалаштирилган.

Табиий офатлар ва ёмғирларга қарши кураш: Янги тизимлар

Мумбай ҳар йили муссон ёмғирлари даврида сув тошқинлари, циклонлар ва денгиз сати кўтарилиши хавфига дуч келади. Шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (Дисастер Манагемент Департмент) дунёдаги энг илғор амалиётларни жорий этган:

«Бримстовад» ва ер ости сув омборлари: Илгари шаҳар дренаж тизими соатига атиги 25 мм ёмғирни ўтказа олган бўлса, янги насос станциялари ва улкан ер ости захира баклари ҳисобига бу кўрсаткич соатига 50 мм га етказилди. Тўпланган сувлар қайта ишланиб, денгизга хавфсиз йўналтирилади.

Иқлим бюджети: Мумбай Лондон, Осло ва Нью-Йоркдан кейин дунёда ўз «Иқлим бюджети»ни қабул қилган 4-йирик шаҳарга айланди. 2022 йилдан бошлаб шаҳарнинг 27 та департаменти барча қурилиш ва транспорт лойиҳаларини шаҳар иқлим режасига мослаштирган ҳолда амалга оширмоқда.

Тезкор хавфсизлик тармоғи: Шаҳар бўйлаб 5 мингга яқин замонавий интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилган. Ҳар бир туманда фавқулодда марказлар ва соғлиқни сақлаш бўлимлари узлуксиз ишламоқда, аҳоли учун 1916 ягона тезкор ишонч телефони йўлга қўйилган.

Мумбай меъморияти, унинг бой тарихи ва энг мураккаб шароитларда ҳам миллионлаб инсонларнинг хавфсизлигини таъминлаётган бошқарув тизими ҳар қандай меҳмонда улкан қизиқиш уйғотмоқда.

Ҳиндистон медиа-турининг эксклюзив лавҳаларини кузатиб боринг.

Mumbayning yuragi: 130 yillik BMC bosh qarorgohi va shahar tarixiga sayohatMumbayning yuragi: 130 yillik BMC bosh qarorgohi va shahar tarixiga sayohatMumbayning yuragi: 130 yillik BMC bosh qarorgohi va shahar tarixiga sayohatMumbayning yuragi: 130 yillik BMC bosh qarorgohi va shahar tarixiga sayohatMumbayning yuragi: 130 yillik BMC bosh qarorgohi va shahar tarixiga sayohat

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар