Озарбойжоннинг Габала шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг 12-саммитида нутқ сўзлаган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған туркий дунё минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда янада таъсирчан ўрин эгаллаши мумкинлигини қайд этди. Унинг сўзича, Анқара Жанубий Кавказда кечаётган жараёнларни нафақат кузатиб боради, балки тинчликка эришишга қаратилган барча ташаббусларни чин дилдан қўллаб-қувватлайди. Президент Озарбойжон ва Арманистоннинг 8 августдаги қўшма баёнотини “минтақадаги тинчликка томон ижобий қадам” сифатида олқишлади.
Сурия масаласига тўхталар экан, Эрдўған “ўтган тўққиз ойда тўсиқларга қарамай қайд этилган ютуқлар оптимизм уйғотади”, деб таъкидлади ва барча туркий давлатларни Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш, Дамашқ билан амалий мулоқотни фаоллаштиришга чақирди.
Туркия раҳбари, шунингдек, яқинда Қатарга қаратилган зарбалар ортидан минтақавий барқарорликка асосий таҳдид Исроилнинг амалдор ҳукуматидан келаётганини айтди. У Ғазо секторидаги қон тўкилишини тўхтатиш бўйича сўнгги уринишлардан қониқиш билдириб, 66 минг бегуноҳ инсон ҳалок бўлганига урғу берди ва барқарор адолат учун халқаро ҳуқуққа таянадиган “икки давлат” ечимидан ўз позициясини яна бир бор тасдиқлади.
Эрдўған БМТ Хавфсизлик Кенгаши самарадорлигини танқид қилиб, “инсоният виждонини хафа қиладиган кўплаб мавзулар эътибордан четда қолаётганини” айтди. У ТДТни “ўзгарувчан воқеликка мослаша оладиган, адолатни ҳимоя қиладиган ва халқаро масалаларда ягона позицияга эга ишончли тузилма”га айланишга даъват этди.
Президент терроризм, ноқонуний миграция, кибертаҳдидлар ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда аъзо давлатларнинг бирдам позицияси ҳал қилувчи аҳамият касб этишини қайд этди. Шу муносабат билан у Чингиз Айтматов ва “Ўғузнома” ҳақидаги китобни умумий алифбода нашр этиш ташаббусини туркий мамлакатлар учун ягона алифбога қадам сифатида эслатди.
Нутқ якунида Эрдўған саммит давомида туркий давлатлар яна бир бор “бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва қардошлик”ни намоён этганини таъкидлаб, тинчлик ва барқарорлик йўлида ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!