
Москва шаҳрида 19 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин иштирокида йил якунига бағишланган бевосита алоқа ва катта матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қарийб 4,5 соат давом этган мулоқот чоғида давлат раҳбари фуқаролар ҳамда ОАВ вакилларининг саволларига жавоб бериб, жамиятни ўйлантираётган муҳим мавзуларга тўхталиб ўтди. Уларнинг орасида демография ва оилавий қадриятлар масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди.
Президентнинг таъкидлашича, аҳоли сонининг камайиши деярли барча постиндустриал давлатлар учун умумий муаммога айланган. Йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ҳам шу каби вазият кузатилмоқда. Айрим давлатларда эса ҳолат жуда хавотирли даражага етган. Масалан, Японияда туғилиш коэффициенти 0,8 атрофида бўлса, Жанубий Кореяда бу кўрсаткич 0,7 ни ташкил қилади. Россияда ҳам туғилиш даражаси пасайган бўлиб, ҳозирда у тахминан 1,4 атрофида. Путиннинг фикрича, мамлакат камида 2 фоизли кўрсаткичга чиқиши лозим, бироқ бу осон вазифа эмас.
Давлат раҳбари бу ҳолатнинг сабабларига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, замонавий жамиятда кўплаб аёллар аввал таълим олишга, кейин малакасини оширишга ва карьерада ўз ўрнини топишга интилади. Шу боис, биринчи фарзанд кўпинча 30 ёшдан кейин дунёга келади. Бу пайтда эса она жисмонан ҳам, руҳан ҳам чарчаган бўлади. Президентнинг таъкидлашича, фарзандли бўлиш, оналик ва оталик бахти жамиятда қадрли ва “мода”га айланиши керак, токи одамлар ҳақиқий бахтнинг моҳиятини англаб етсин.
Матбуот анжумани давомида Путин 15 ёшдаги муҳаббат ва эрта оила қуриш мавзусига ҳам муносабат билдирди. У Кавказ халқларининг анъаналарини мисол қилиб келтириб, уларда фарзандларни ёшроқ пайтида оила қуришга ундаш одат эканини айтди. Президент буни тўғри ва ибратли анъана деб баҳолади. У Рамзан Қодировнинг катта ва серфарзанд оиласини ҳам эслаб ўтиб, уларда эрта никоҳ маданияти мавжудлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Путин ёш оилалар кўплаб қийинчиликларга дуч келаётганини тан олди. Аммо у оила қуриш ва фарзанд кўриш каби ҳаётнинг асосий масалаларини ортиқча кечиктирмаслик лозимлигини уқтирди. Президентнинг фикрича, айнан шу қадамлар жамиятнинг барқарор келажаги ва демографик мувозанатни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.