Ўзбекистон ва Туркия таълим ҳамда стипендия ҳамкорлигини кенгайтиришни муҳокама қилди

21 январь куни Анқарада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маслаҳатчиси Мунира Аминова Туркиянинг Хориждаги турклар ва қариндош жамоалар бошқармаси (YTB) раҳбари Абдулҳади Турус билан учрашди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беради.
Музокараларда томонлар таълим ва маданий алмашинув йўналишидаги амалдаги ҳамкорлик ҳолати, шунингдек, уни кенгайтиришга қаратилган янги ташаббусларни кўриб чиқди. Суҳбатда YTB стипендия дастурлари натижаларга алоҳида эътибор қаратилди: 2025 йилда ушбу дастурларга Ўзбекистоннинг 228 нафар фуқароси қабул қилинган, ҳозирда эса 136 нафар талаба ўқишни давом эттирмоқда.
Маълумотларга кўра, YTB дастурлари доирасида жами 3 200 нафардан ортиқ битирувчи таълимни муваффақиятли якунлаган. Битирувчилар билан алоқани мустаҳкамлаш мақсадида улар учун алоҳида портал ҳам ишга туширилган.
Учрашувда “Маданий турк” энциклопедияси, Зангтурон ташаббуси, заргарлик йўналиши ҳамда шошилинч тиббий ёрдам бўйича ўқув дастурлари каби амалдаги лойиҳалар муҳокама қилинди. Шунингдек, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, ёш дипломатлар учун ихтисослашган тренинглар ҳамда фармацевтика саноатини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар таклифлари ҳам кўриб чиқилди.
Якунда томонлар таълим ва малака ошириш соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёр эканини билдирди. Улар юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва профессионал алмашинувларни кенгайтиришда қўшма саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!