Қорақалпоғистоннинг собиқ раҳбари Қаллибек Камолов вафот этди

Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитасининг собиқ биринчи котиби Қаллибек Камолов оламдан ўтди.
Маълумотларга кўра, Қаллибек Камолов 1926 йил 18 март куни таваллуд топган. У 1947 йилда Қорақалпоғистон ўқитувчилар институтини тамомлаган. Олий таълим муассасасини битиргунга қадар ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланган, кейин эса комсомол тизимида иш бошлаган.
Фаолияти давомида у Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, коммунал хўжалик вазири, шунингдек, республика автомобил транспорти ва автомобил йўллари вазири лавозимларида ишлаган
Шунингдек, 1958–1959 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитаси котиби, 1959–1963 йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раиси, 1963–1984 йилларда эса Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитасининг биринчи котиби вазифасини бажарган.
1984–1986 йиллар оралиғида у Совет Иттифоқининг Руминянинг Констанца шаҳридаги бош консули сифатида фаолият юритган.
Қайд этилишича, Қаллибек Камолов 1987 йилда “пахта иши” доирасида қўлга олинган. 1989 йил охирида унга нисбатан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ҳамда Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони ва бир қатор давлат мукофотларидан маҳрум қилинган. Кейинчалик, мазкур иш бўйича судланган бошқа шахслар каби, у ҳам афв этилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!