16 яшар қизни ўлдирган ўсмир судда кутилмаганда оқланди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Малайзияда мактаб ҳожатхонасида синфдоши Яп Шинг Сюанни ўлдирган 14 ёшли ўсмир суд томонидан оқланиб, руҳий касаллиги сабабли психиатрия шифохонасида даволанишга ҳукм қилинди.
- Суд эксперт-психиатр хулосасига кўра, ўсмирга шизофрения ташхиси қўйилган бўлиб, унинг руҳий ҳолати 9 ёшидан бошлаб ёмонлашган.
- У жамиятда мустақил яшашга тайёр деб топилгунига қадар шифохонада қолади ва унинг аҳволи мунтазам равишда баҳоланади.
Малайзияда мактабда 16 ёшли синфдошининг ўлимига сабаб бўлган ўсмирга нисбатан суд қарор чиқарди. Суд унинг руҳий ҳолатини инобатга олиб, қотиллик айблови бўйича оқлов ҳукми чиқарган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Фожиа Куала-Лумпур яқинидаги ўрта мактабда содир бўлган. Ўша пайтда 14 ёшда бўлган ўсмир мактаб ҳожатхонасида синфдоши Яп Шинг Сюанга ҳужум қилган ва қиз воқеа оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Суд муҳокамаси давомида ҳимоя томони ўсмирнинг воқеага алоқадорлигини инкор этмаган. Бироқ адвокатлар унинг болалигидан руҳий саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммолари бўлганини таъкидлаган.
Судда сўз олган эксперт-психиатр ўсмирга шизофрения ташхиси қўйилганини маълум қилган. Мутахассиснинг айтишича, унда 9 ёшидан бошлаб руҳий касаллик белгилари ва галлюцинацияга ўхшаш ҳолатлар кузатилган.
Унинг руҳий аҳволи пандемия даврида, шунингдек, мактабга қайта бошлаганидан кейин янада ёмонлашгани қайд этилган. Адвокатлар эса касаллик аломатларини назорат қилиш учун унга узоқ муддатли даволаниш ва дори-дармон зарурлигини билдирган.
14 сентябрь куни суд ўсмирни қотиллик айблови бўйича оқлаган. Бироқ бу уни дарҳол озод қилишини англатмайди. Суд уни жамиятда мустақил яшашга тайёр деб топилгунига қадар психиатрия шифохонасида сақлаш ва даволашга қарор қилган.
Унинг руҳий ҳолати мунтазам равишда, эҳтимол ҳар йили қайта баҳоланиб борилади.
Ўсмир вояга етмагани сабабли унинг шахси Малайзия қонунчилигига мувофиқ ошкор қилинмаган. Суд жараёни ҳам ёпиқ тарзда ўтказилган.
Мазкур иш Малайзияда кенг жамоатчилик эътиборини тортган. Полиция аввалроқ ижтимоий тармоқлар ўсмирнинг руҳий ҳолатига таъсир қилган бўлиши мумкинлигини билдирган. Кейинчалик тергов доирасида топилган ёзувнинг интернетга тарқалиши ҳам жамоатчиликдаги муҳокамаларни янада кучайтирган.






























Изоҳлар 0
…