Аляскада 15 ёшли бола ағдарилган қайиқ устида икки кун яшаб қолди

АҚШнинг Аляска штати яқинидаги Беринг денгизида 15 ёшли ўсмир ағдарилиб кетган балиқчи қайиғи устида тахминан икки кун, яъни 62 соат давомида қолиб, омон қолди. Бу ҳақда AP News хабар берди.
Дерек Паркер Ағнаанга Сент-Лоренс ороли яқинида 35 ёшли акаси ва амакиваччаси билан балиқ овлаш учун денгизга чиққан. Кичик қайиқ ағдарилиб кетганидан сўнг учала йўловчи ҳам бедарак йўқолган деб ҳисобланиб, қидирув-қутқарув ишлари бошланган.
Ўсмир совуқ сувда озиқ-овқат ва сувсиз қолганига қарамай, ағдарилган қайиқ корпусига чиқиб, ундан маҳкам ушлаб турган. Қутқарув вақтида олинган видеода унинг сариқ курткада қайиқ устида тиз чўкиб тургани акс этган.
АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати самолёти ўсмирни аниқлаганидан сўнг, яқин атрофдаги Northwest Explorer кемаси экипажи уни қутқариб олган. Ўсмирда гипотермия аломатлари кузатилган ва унга иссиқ кийим ҳамда бошқа зарур ёрдам кўрсатилган.
Афсуски, унинг акаси ва амакиваччаси ҳалок бўлган. Уларнинг жасадлари ҳам қидирув ишлари давомида топилган. Қайиқнинг нима сабабдан ағдарилгани юзасидан текширув давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…