Ҳар куни 15 дақиқа китоб ўқинг ва пул ишланг: Сингапурда ноодатий ташаббус йўлга қўйилди

Сингапурда одамларни телефондан бироз узоқлаштириб, китоб ўқишга ундаш учун ноодатий ташаббус бошланди. Энди мамлакат аҳолиси ҳар куни камида 15 дақиқа мутолаа қилиб, вақтини махсус рақамли платформада қайд этса, бунинг эвазига виртуал тангалар олади.
Ташаббус Сингапур Миллий кутубхона кенгаши томонидан ReadSG ҳаракати доирасида амалга оширилмоқда. Қоидаси эса жуда оддий: иштирокчи ҳар куни камида 15 дақиқа китоб ўқийди ва сарфлаган вақтини тизимда қайд этади.
1000 виртуал танга 1 Сингапур долларига тенг.
Бир қарашда мукофот катта бўлмаслиги мумкин. Бироқ лойиҳа даромад олишдан кўра, инсонларда мунтазам мутолаа одатини шакллантиришни мақсад қилган. Ҳар куни 15 дақиқадан китоб ўқиган иштирокчи бир йил давомида 7300 виртуал танга тўплаши мумкин.
Сингапур бу ташаббус орқали ижтимоий тармоқларда мақсадсиз ва узлуксиз контент кўриш — "doomscrolling" одатига муқобил машғулотни тарғиб қилмоқда.
Мутахассислар узун матн ўқиш диққатни жамлаш, ахборотни чуқурроқ англаш ва танқидий фикрлаш билан боғлиқлигини таъкидлайди.
Қизиғи, PISA-2022 натижаларига кўра, Сингапур 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги бўйича дунёдаги юқори натижали мамлакатлардан бири бўлган. Уларнинг 89 фоизи камида иккинчи даражага эришган.































Изоҳлар 0
…