Косонсойда 1-синф ўқувчиси китоб ўқий олмагани учун калтаклангани айтилмоқда

Косонсойда 1-синф ўқувчиси китоб ўқий олмагани учун калтаклангани айтилмоқда

Наманган вилояти Косонсой туманидаги 39-сонли мактабда бошланғич синф ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини китобни ўқиб бера олмагани учун калтаклагани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан хизмат текшируви бошланган.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда “Бола калтакландими?” сарлавҳаси остида видео тарқалган. Шундан сўнг бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, мазкур ҳолат ўрганила бошланган.

Дастлабки ўрганишларга кўра, воқеа 16 сентябрь куни соат 10:30 лар атрофида, 3-дарс вақтида содир бўлган. Унда бошланғич синф ўқитувчиси 1-синф ўқувчиси китобни ўқиб бера олмагани сабабли уни бир неча бор урган.

Ҳозирда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, шунингдек, воқеага алоқадор мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиш мақсадида хизмат текшируви давом эттирилмоқда.

Текширув якунларига кўра, мактаб раҳбарияти ва ўқитувчига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилишини билдирган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар