Ҳиндистонда меҳмонхонада саккиз ой фаолият юритган сохта полиция бўлими фош этилди

Ҳиндистоннинг Биҳар штатида фирибгарлар қарийб саккиз ой давомида меҳмонхонада сохта полиция бўлимини ташкил этиб, маҳаллий аҳолидан пул ундирган. Ғаройиб воқеа Банка шаҳрида содир бўлган.
Фирибгарлар ҳақиқий полициячиларга ўхшаш форма ва нишонлардан фойдаланиб, меҳмонхонада “хизмат” кўрсатган. Улар турли мурожаат ва аризаларни қабул қилиб, айрим масалаларни ҳал қилиш ёки ёрдам бериш эвазига фуқаролардан пул талаб қилган.
Гуруҳ аъзолари, шунингдек, маҳаллий аҳолига полицияга ишга жойлаштириш ва ижтимоий уй-жой олишда ёрдам беришни ваъда қилиб, улардан пул олган. Ҳатто айрим қишлоқ аҳолиси сохта бўлимда бошқа “полициячи”лар сифатида ишлаши учун ёлланган ва уларга кунлик ҳақ тўланган.
Энг эътиборлиси, сохта полиция бўлими ҳақиқий полиция бўлимидан атиги 500 метрча масофада жойлашган. Фирибгарлар шу вақт давомида ўзларини ҳақиқий ҳуқуқ-тартибот ходимлари сифатида кўрсатиб келган.
Фирибгарлик эса тасодифан фош бўлган. Ҳақиқий полициячилардан бири “офицерлар”дан айримларининг хизмат қуроли ўрнига маҳаллий устахоналарда тайёрланган қуролларни олиб юрганига эътибор қаратган. Шундан сўнг ўтказилган текширув натижасида гуруҳ фаолияти аниқланган.
Натижада гуруҳнинг камида олти нафар аъзоси, жумладан икки аёл қўлга олинган. Гуруҳнинг асосий ташкилотчиси эса ўша пайтда қидирувда бўлган.






























Изоҳлар 0
…