Тимсоҳлар яшайдиган дарёда Олимпиада мусобақалари ўтказилади

Тимсоҳлар яшайдиган дарёда Олимпиада мусобақалари ўтказилади

2032 йилги Олимпиада ўйинларида эшкак эшиш мусобақаларини тимсоҳлар яшайдиган Фицрой дарёсида ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «The Athletic» хабар берди.

Қайд этилишича, Халқаро Олимпия қўмитаси мазкур дарёни мусобақалар ўтказиладиган жойлардан бири сифатида тасдиқлаган.

Аввалроқ 2032 йилги Брисбен Олимпиада ва Паралимпиадаси учун спорт инфратузилмасини қуриш ҳамда модернизация қилишга масъул GIICA ташкилоти Фицрой дарёсини каноэ ва байдарка баҳслари учун мос деб топган. Мутахассислар дарёнинг асосий параметрларини ўрганиб, унинг халқаро спорт федерацияси талабларига жавоб беришини билдирган.

Бироқ ҳудудда тимсоҳлар мавжудлиги хавфсизлик масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда. Квинсленд бош вазири Дэвид Криссафулли минтақавий ҳокимият спортчилар ва томошабинлар хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли чоралар кўришини маълум қилган.

Фицрой дарёсида Австралия терма жамоаси эшкак эшувчилари мунтазам машғулот ўтказиб келади. Шунингдек, бу ерда университетлар ўртасидаги мусобақалар ҳам ташкил этиб турилади.

2032 йилги ёзги Олимпиада Австралиянинг Брисбен шаҳрида бўлиб ўтади. Мусобақаларнинг айрим турларини шаҳардан ташқаридаги ҳудудларда, жумладан, минтақавий марказларда ўтказиш кўзда тутилган.

Фицрой дарёси Квинсленддаги йирик сув ҳавзаларидан бири бўлиб, табиий ландшафти ва тимсоҳлар яшайдиган ҳудудлардан бири экани билан ҳам танилган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар