9 ёшли қиз 82 килограммлик штангани кўтариб, барчани ҳайратга солди

9 ёшли қиз 82 килограммлик штангани кўтариб, барчани ҳайратга солди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • 9 ёшли Люси Милгрим ўз вазнидан уч баравар оғир, яни 82 килограммлик юкни кўтариб, интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
  • АҚШнинг Ню-Ёрк штатида яшовчи қиз ҳафтасига беш марта машғулот ўтказади ва профессионал кураш билан ҳам шуғулланади.

АҚШнинг Нью-Йорк штатида яшовчи 9 ёшли Люси Милгрим оғир атлетикадаги натижаси билан интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Вазни атиги 60 фунт, яъни қарийб 27 килограмм бўлган қиз 180 фунтлик — тахминан 82 килограммлик юкни кўтарди. Бу унинг ўз вазнидан уч баравар оғир юкни кўтарганини англатади.

Люси оддий 9 ёшли қизлардан фарқли равишда спортга катта қизиқиш билдиради. У ҳафтасига беш марта машғулот ўтказади, профессионал кураш билан ҳам шуғулланади. USA Powerlifting ташкилоти орқали у аллақачон АҚШнинг учта рекордини ўрнатган. Яқинда эса катта мухлислар олдида кўрсатган натижаси билан яна бир бор эътибор марказига тушди.

Ўтган ойда Люси Огайо штатидаги Колумбус шаҳрида бўлиб ўтган Arnold Sports Festival фестивалида иштирок этди. Атиги 9 ёшда ва 60 фунт вазнда бўлган қиз 180 фунтлик юкни бир ҳаракатда ердан кўтариб, ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришди.

Люсининг отаси Бретт Милгрим People журналига берган интервьюсида қизининг болалигиданоқ табиий кучга эга бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, Люси бошқа болалардан фарқли жисмоний имкониятларга эга бўлган. Қиз ҳали жуда кичик пайтида ота-онаси спорт залида машқ қилар, Люси эса уларга тақлид қилишга ҳаракат қиларди.

«Онам ва дадам спорт залида машқ қилишарди. Мен уларнинг турли қизиқарли машқларни бажараётганини кўриб, ўзим ҳам синаб кўришни хоҳлардим», — дейди Люси.

Унинг курашга қизиқиши ҳам оиласи билан боғлиқ. «Дадам кураш мураббийи бўлгани учун мени ва акамни машғулотларга олиб борарди. Шу тариқа курашга қизиқиб қолдим», — дея қўшимча қилган у.

Бироқ Люсининг ютуқлари ижтимоий тармоқларда фақат мақтовларга сабаб бўлмади. Унинг ўз вазнидан уч баравар оғир юк кўтаргани акс этган видеолар кенг тарқалгач, айрим фойдаланувчилар бундай машғулотлар боланинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

«Натижа таъсирли, аммо 9 ёшли бола учун бу тўғри қарор эканига ишончим комил эмас. Унинг суяклари ва мушаклари ҳали бундай оғирликларга мослашиш босқичида. Ўзига жароҳат етказиб қўйишидан хавотирдаман», — деб ёзган фойдаланувчилардан бири.

Яна бир киши эса болаларнинг ўсиш жараёнига эътибор қаратиб, оғир юклар билан машқ қилиш хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, ўсиш зоналари ҳали тўлиқ ривожланмаган болалар бундай машғулотларга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиши керак.

Ҳозирча Люси Милгрим ижтимоий тармоқларда билдирилган танқидларга жавоб қайтармаган.

Шу тариқа, 9 ёшли қизининг спортдаги натижалари кўпчиликни ҳайратга солган бўлса, бошқалар болалар саломатлиги ва оғир машғулотларнинг хавфсизлиги масаласини кўтармоқда. Люсининг мисоли эса ёш спортчиларнинг ютуқларини баҳолашда нафақат натижа, балки уларнинг ёши ва саломатлигини ҳам ҳисобга олиш муҳимлигини кўрсатмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар