Месси Испания қироли ва қироличаси иштирокидаги расмий кечки овқатда қатнашиши кутилмоқда

Аргентиналик футболчи, саккиз карра «Олтин тўп» соҳиби Лионель Месси Испания қироли Фелипе VI ва қиролича Летисия иштирокидаги расмий кечки овқатда қатнашади. Бу ҳақда «Marca» нашри хабар берди.
Мессининг Испанияга ташрифи 2026 йилги Астурия маликаси номидаги спорт мукофотини қабул қилиб олиш билан боғлиқ. Футболчи 22 октябрь куни Овьедо шаҳрига етиб бориши кутилмоқда.
Шу куни у Овьедо спорт саройида мактаб ўқувчилари, ёшлар ва мухлислар билан учрашувда иштирок этади. Кечқурун эса Испания қироллик оиласи ва мукофотнинг бошқа совриндорлари иштирокидаги расмий кечки овқатга бориши режалаштирилган.
Мукофотларни топшириш маросими 23 октябрь куни Овьедодаги Кампоамор театрида бўлиб ўтади. Месси Астурия маликаси номидаги спорт мукофоти билан тақдирланади. Ушбу соврин футболчига спортдаги муваффақиятлари ва эҳтиёжманд болаларнинг таълим олиши ҳамда тиббий ёрдамдан фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия ишлари учун берилмоқда.
Маросимдан кейин Месси АҚШга қайтиб, «Интер Майами» сафидаги навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўриши кутилмоқда. «Marca» маълумотига кўра, жамоа 25 октябрь куни «Нью-Йорк Ред Буллз»га қарши майдонга тушади.






























Изоҳлар 0
…