Эронлик «Қора бева» 11 эрини ўлдиришда айбланмоқда

Эронда 56 ёшли Колсум Акбарий 22 йил давомида 11 нафар турмуш ўртоғини заҳарлаб ўлдиришда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, у ёши катта эркакларга турмушга чиқиб, уларнинг мол-мулки ва пулларини қўлга киритиш мақсадида жиноят содир этган. Аёл эса қурбонлар сони 13 ёки ҳатто 15 нафаргача бўлиши мумкинлигини айтган, бироқ аниқ рақамни эслай олмаслигини билдирган.
Акбарийнинг жиноий фаолияти 2000 йилда бошланиб, 2023 йилгача давом этган. У Эроннинг Мозандарон вилоятидаги турли шаҳарларда ёлғиз ва ёши катта эркаклар билан танишиб, уларга турмушга чиққан. Эркакларнинг кекса ёши ва саломатлиги заифлиги сабабли, уларнинг ўлими дастлаб табиий сабаблар билан боғланган. Шу тариқа аёл узоқ йиллар давомида шубҳа уйғотмасдан ҳаракат қилган.
«Қанча одамни ўлдирганимни аниқ билмайман»
Тергов пайтида Акбарий қурбонлари сони ҳақида шундай деган:
«Қанча одамни ўлдирганимни билмайман. Балки 13 ёки 15 нафар бўлиши мумкин. Аниқ эслай олмаяпман».
Аёл биринчи марта 18 ёшида турмушга чиққан. Биринчи никоҳи узоқ давом этмаган, иккинчи турмуш ўртоғи эса ўзидан анча катта бўлиб, уни доимий равишда калтаклаган ва камситган. Тергов маълумотларига кўра, иккинчи эри вафотидан кейин Акбарийнинг қотилликлари бошланган.
У ёши катта, ёлғиз эркакларга турмушга чиқишга тайёрлигини айтиб юрган. Бўлажак турмуш ўртоқларининг молиявий аҳволини ўргангач, катта миқдордаги сеп ёки тўловлар эвазига никоҳга рози бўлган.
Эрларини заҳарлаб, мол-мулкини қўлга киритган
Айбловга кўра, Акбарий турмушга чиққанидан кўп ўтмай, эрларига қон босими ва диабетга қарши дорилар, тинчлантирувчи воситалар ҳамда саноат спиртини берган. Агар заҳарлаш натижа бермаса, айрим ҳолларда ёстиқ ёрдамида уларни бўғиб ўлдиришга уринган.
2013 йилда аёлга турмушга чиққан 69 ёшли Мираҳмад Омроний бир ойдан кейин вафот этган. 2016 йилда у билан оила қурган 62 ёшли Исмоил Бахший икки ойдан сўнг ҳаётдан кўз юмган. 83 ёшли Ганжали Ҳамзей эса никоҳдан 43 кун ўтиб вафот этган.
Акбарийнинг Масеҳ Немати исмли турмуш ўртоқларидан бири 2020 йилдаги заҳарлаш уринишидан омон қолган. Бироқ у полицияга мурожаат қилмасдан, аёлни уйидан чиқариб юбориш билан чекланган.
Сўнгги қурбоннинг ўғли жиноятни фош қилди
Акбарийнинг жиноятлари 2023 йилда, унинг сўнгги турмуш ўртоғи — 82 ёшли Ғуломризо Бобоий вафотидан кейин фош бўла бошлаган. Марҳумнинг ўғли танишидан отаси илгари Колсум исмли аёл билан турмуш қургани ва у бир вақтлар уни заҳарлашга урингани ҳақида эшитган. Аёлни кўргач, уни таниб, полицияга хабар берган.
Дастлаб айбловларни рад этган Акбарий кейинчалик жиноятларини тан олган. Бироқ у қурбонлар сони ҳақида турлича кўрсатмалар берган.
Аёлга ўлим жазоси тайинланиши мумкин
Колсум Акбарийга 11 та қасддан одам ўлдириш ва яна бир кишини ўлдиришга суиқасд қилиш бўйича айбловлар қўйилган. Агар суд уни айбдор деб топса, унга нисбатан ўлим жазоси тайинланиши мумкин.
Иш бўйича 45 нафардан ортиқ даъвогар, жумладан, марҳумларнинг меросхўрлари иштирок этмоқда. Прокурорлар фикрича, аёлнинг асосий мақсади эрларининг мол-мулки ва пулларини қўлга киритиш бўлган. Тергов маълумотларига кўра, маблағларнинг катта қисми унинг қизи номига расмийлаштирилган.
Суд барча даъвогарларнинг кўрсатмаларини тинглаб, иш жараёнлари якунланганидан кейин ҳукм чиқариши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…