Ухлаб қолиш арафасида нега бирдан чўчиб уйғониб кетамиз?

Ухлаб қолиш арафасида нега бирдан чўчиб уйғониб кетамиз?

Кўпчиликда шундай ҳолат кузатилади: эндигина уйқу оғушига кетаётганингизда танангиз бирдан силкиниб, ўзингиз ҳам чўчиб уйғониб кетасиз. Баъзан эса худди баландликдан пастга қулаб тушаётгандек ҳис пайдо бўлади. Хўш, бу нима сабабдан содир бўлади?

Аслида, бу ҳолатнинг илмий номи бор — гипник силкиниш. У инсон уйқуга кетаётган пайтда мушакларнинг беихтиёр ва тўсатдан қисқариши натижасида юзага келади.

Уйқу бошланиши билан организм аста-секин бўшашади, нафас олиш ва юрак уриши бироз секинлашади. Айни шу жараёнда баъзан мушаклар кутилмаганда қисқариб, одамнинг чўчиб уйғонишига сабаб бўлади.

Қизиғи шундаки, бундай пайтда инсон ўзини зинадан қоқилиб кетгандек ёки баланд жойдан тушиб кетаётгандек ҳис қилиши мумкин. Бу ҳолат баъзан тушлар ёки турли тасаввурлар билан ҳам бирга кечади.

Олимлар ҳозиргача гипник силкинишнинг аниқ сабабини тўлиқ аниқламаган. Бироқ айрим омиллар унинг юзага келиш эҳтимолини ошириши мумкин. Жумладан:

  • ортиқча чарчоқ;

  • асабийлашиш ва стресс;

  • уйқу етишмаслиги;

  • кофеинли ичимликларни кўп истеъмол қилиш.

Бу ҳолат хавфлими?

Одатда, гипник силкиниш хавфли ҳисобланмайди ва кўпчиликда учрайдиган табиий ҳодисалардан бири саналади. Шу сабабли, вақти-вақти билан содир бўлиши учун ортиқча хавотирланишга ҳожат йўқ.

Бироқ силкинишлар тез-тез такрорланса, уйқу сифатига жиддий таъсир кўрсатса ёки бошқа ғайриоддий аломатлар билан бирга кузатилса, шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар