
Лондоннинг "Арсенал" клуби футболчиси Месут Ўзил Хитойнинг Шинжондаги уйғурлар/мусулмонларга қилаётган репрессияси ҳақида ёзиб, бутун дунё мусулмонлари бунга нисбатан жим турганини танқид қилиб чиқди.
"Арсенал" тезкорлик билан Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида бунга муносабат билдириб, Ўзилнинг гаплари унинг шахсий фикри эканлигини ва клуб сиёсатга аралашмаслигини маълум қилган. Футбол клубининг бундай тезкор реакцияси Хитойда бизнес манфаатлари борлиги туфайли эканлиги айтилмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат АҚШнинг Миллий баскетбол лигасининг Хитойда энг кўп мухлисга эга жамоаси бошқарувчиси Гонгконгдаги намойишларни қўллаб-қувватлаб чиққанида кузатилган. Ўшанда жамоа эҳтиёткорлик билан муносабат тайёрлашга кетказган вақти ичида хитойлик ҳомийлар шартномаларни бекор қилишга улгурган ва лига 4 миллиард доллардан қуруқ қолган эди. "Арсенал"нинг тезкор реакцияси шундай ҳолатнинг олдини олиш учун бўлган.
Бу Хитой нафақат мамлакат ичкарисида, балки бутун дунёда ҳам цензурадан қандай фойдалана олишини кўрсатиб беради. Яъни, Хитой билан боғлиқ бизнес манфаатларига эга бўлсангиз, Пекин сиёсатини танқид қилмаслигингиз лозим, акс ҳолда фойдадан қуруқ қоласиз. Аксарият ҳолларда бу фойда сезиларли эканлиги туфайли кўпчилик тилини тийишга мажбур.
Бизнесни тушунса бўлади - фойда олиш учун сиёсатга аралашмаслик - оддий ҳолат. Бироқ бутун бошли давлатлар ҳам бу йўлдан бориши Хитойга боғлиқлик қанчалик жиддийлигини англатади. Масалан, БМТда Шинжондаги лагерларни қўллаб-қувватлаган давлатларнинг аксарияти мусулмон давлатлар, жумладан уларнинг орасида Саудия Арабистони ва Туркия бор.
Умуман, ушбу давлатлар рўйхати Хитойдан қарздорлар рўйхати билан солиштирилса, вазият анча ойдинлашади. Хуллас, Хитой энди қўшма декларациияларда Хитойнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашни талаб қилиш билан чекланмаяпти.
Манба: @tashqaridaUZ
Месут ЎзилАрсенал КлубиХитой РепрессиясиИжтимоий ТармоқБизнес МанфаатлариМусулмон Давлатлар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар