OpenAI ва Visa сунъий интеллект агентлари учун тўлов тизимини яратмоқда

Visa ва OpenAI компаниялари ҳамкорликни эълон қилди, унинг доирасида Visa тўлов инфратузилмаси OpenAI агентлик тизимларига интеграция қилинади. Бу СИ-агентларга фойдаланувчилар номидан товарлар сотиб олиш ва рақамли хизматлар учун тўловларни мустақил равишда амалга ошириш имконини беради. Лойиҳанинг асосий ғояси — сунъий интеллектнинг шунчаки танловда ёрдам беришидан, транзакцияни тўлиқ якунлай оладиган моделга ўтишдир. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Фойдаланувчилар ўз маблағлари устидан назоратни сақлаб қолишади: улар харажатлар лимитини, сотувчилар тоифаларига чекловларни ва қўлда тасдиқлаш талаб қилинадиган ҳолатларни белгилашлари мумкин. Visa ўз навбатида фирибгарликни текшириш, пулни қайтариш ва тўловлар бўйича низоларни (чаргебаккс) ҳал қилиш каби молиявий инфратузилмани таъминлайди. Компания мавжуд экотизимни янги турдаги истеъмолчи — инсон эмас, балки унинг СИ-агенти учун мослаштирмоқда.
Ҳамкорлар ушбу тизимни нафақат оддий харидлар, балки корпоратив ҳисоб-китоблар ва бизнес харидлари учун ҳам қўллашни режалаштирмоқда. Масалан, дастурчи агенти API сўровлари, булутли ҳисоблашлар ёки бошқа ресурслар учун белгиланган лимит доирасида автоматик тўлов қилиши мумкин. OpenAI вакили Марко Маҳруснинг таъкидлашича, сунъий интеллект аллақачон харид қилиш қарорларига таъсир кўрсатмоқда ва келажакда бу жараён янада кучаяди.
Visa маълумотларига кўра, бугунги кунда транзакцияларнинг 20 фоиздан ортиғи билвосита СИ тавсиялари асосида шаклланмоқда. Компаниянинг глобал ўсиш бўлими раҳбари Рубаил Бирвадкернинг сўзларига кўра, сунъий интеллект фойдаланувчи ва харид ўртасидаги муҳим бўғинга айланиб улгурган. Ҳозирда томонлар турли платформалар фойдаланиши мумкин бўлган базавий инфратузилмани яратиш устида ишламоқда.






























Изоҳлар 0
…