06:00 / 11.07.2020
2 366

Грецияда 20 миллион йиллик дарахт топилди

Грецияда 20 миллион йиллик дарахт топилди
Грециянинг Лемнос оролида олиб борилган қазилма ишлари давомида ёши 20 млн йилга тенг бўлган тошга айланган дарахт аниқланди.
Бу топилма ҳақида қисқача ҳисобот Табиий тарих музейининг “Лесбосдаги тошга айланган ўрмон” лойиҳаси сайтида тақдим қилинган. Аввалроқ олимлар айнан Лесбос оролида тошқотган ўрмоннинг кўплаб қолдиқларини аниқлашган. Бироқ янги топилма қўшни Лемнос оролида аниқланган.

Қазилмалар Варос қишлоғида олиб борилган. Айни вақтда қазилма ишларининг биринчи босқичи якунланган бўлса-да, у 8 метрдан узунроқ бўлган тошга айланган дарахт танасини аниқлашга имкон берган.

Таъкидланишича, топилган дарахт ҳамон ёғоч хусусиятларини сақлаб қолган бўлиб, унинг шохлари охирлари умуман аъло даражада сақланган. Бу 20 млн йил аввал ўрмонда ўсган улкан игнабаргли дарахт бўлган. Олимларнинг тахминича, у АҚШда ўсувчи замонавий секвоя дарахтининг аждоди ҳисобланади.

Олимларнинг таъкидлашича, дарахт танасининг пўстлоғи ва ички ҳалқалари яхши сақланиб қолган. Яқин орада дарахтнинг ички структурасини электрон микроскоп ёрдамида ўрганиш режалаштирилган. Бу ўсимликнинг оиласи ва турини аниқлашга ёрдам беради.

Лесбос ва Лемнос оролларидаги тошқотган ўрмонлар табиий сабабларга кўра яхши сақланиб қолган. Бу ерда 20 млн йил аввал вулқон фаоллиги юқори бўлган. Вулқон отилишлари ўрмонларни вулқон чўкиндилари тагида “консервация қилиш”га ёрдам берган.

Таъкидланишича, тош қотган кўплаб дарахтлар икки орол орасидаги денгиз тубида жойлашган. Шу сабабли қуруқликда аниқланган бу топилма олимлар учун катта омад бўлган. Қазилма ишларининг иккинчи босқичида улкан дарахтни тўлиқ қазиб олиш режалаштирилган.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Грецияда 20 миллион йиллик дарахт топилди