Озарбайжонда жуда кам учрайдиган ҳолат: ҳомила жигар соҳасида аниқланди (видео)

Озарбайжонда жуда кам учрайдиган ҳолат: ҳомила жигар соҳасида аниқланди (видео)

Озарбайжонда ҳомиладорликнинг жуда кам учрайдиган тури — ҳомиланинг жигар соҳасига жойлашиши билан кечадиган эктопик ҳомиладорлик ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Sputnik Озарбайжон хабар берди.

Маълум қилинишича, беморнинг ультратовуш текшируви тасвирлари радиолог томонидан ижтимоий тармоққа жойлаштирилган. Текширувда ҳомила бачадон ичида эмас, балки қорин бўшлиғида, жигар соҳасида жойлашгани кўринган. Тасвирларда ҳомиланинг айрим қисмлари ҳам кўзга ташланади.

Тиббиётда бундай ҳолат жигар эктопик ҳомиладорлиги деб аталади. Унда уруғланган тухум ҳужайра бачадон бўшлиғига эмас, қорин бўшлиғининг бошқа қисмига, жуда кам ҳолларда эса жигар юзаси ёки унинг тўқималарига жойлашади.

Мутахассислар бундай ҳомиладорлик ниҳоятда кам учрашини таъкидлайди. Жигар соҳасидаги эктопик ҳомиладорлик хавфли ҳисобланади, чунки ҳомиладорлик тўқималарининг қон томирлари кўп бўлган жигар билан алоқаси кучли қон кетишига олиб келиши мумкин. Ўз вақтида аниқланмаса, бу ҳолат аёл ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради.

Очиқ манбаларда Озарбайжондаги ушбу беморнинг кейинги даволаниши ва ҳолати ҳақида ҳозирча батафсил маълумот берилмаган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар