53 йилдан бери қўлини туширмаётган инсон дунёни ҳайратга солди

Ҳиндистонлик садҳу Амар Бҳарати дунёдаги энг ғайриоддий одамлардан бири сифатида танилган. У 1973 йилдан буён ўнг қўлини бир марта ҳам туширмаган. Бу ҳаракат унинг Худо Шивага берган назри ва тинчлик учун қилган ибодатининг рамзи ҳисобланади.
Амар Бҳарати аввал оддий банк ходими бўлган. Унинг оиласи, уйи, автомобили ва уч нафар ўғли бор эди. Бироқ бир куни у бутун ҳаётини тарк этиб, ўзини диний ҳаётга бағишлашга қарор қилди. Орадан уч йил ўтиб, у дунёдаги зўравонлик ва урушларга қарши рамз сифатида қўлини кўтариб, уни энди ҳеч қачон туширмасликка қасам ичди.
Дастлабки йилларда қаттиқ оғриқларга чидаган Амарнинг қўли вақт ўтиши билан бутунлай ҳаракатсиз бўлиб қолди. Бугунги кунда у қўлини ҳатто хоҳласа ҳам тушира олмайди — мушаклар атрофияга учраган, бармоқ тирноқлари эса узун ва буралиб ўсган.
Шунга қарамай, Амар Бҳарати ўзини бахтли инсон деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, бу қурбонлик унга руҳий хотиржамлик ва ички уйғунлик бахш этган. Унинг ғайриоддий иродаси Ҳиндистондаги бошқа садҳуларга ҳам илҳом берган. Айримлари қўлларини 7, 13, ҳатто 25 йил давомида кўтариб юришган. Аммо 53 йил давомида қўлини туширмаслик рекордини ҳозиргача ҳеч ким такрорлай олмаган.






























Изоҳлар 0
…