Уй ҳайвонлари ҳам эгасининг характеридан таъсирланадими?

Уй ҳайвонлари инсон ҳаётига нафақат қувонч ва меҳр, балки масъулият ҳам олиб киради. Олимларнинг фикрича, ит ва мушукларнинг хулқ-атвори вақт ўтиши билан ўзгариши, бунда уларнинг эгалари билан муносабати ҳам муҳим ўрин тутиши мумкин.
Мичиган штати университети олимлари томонидан ўтказилган ва Journal of Research in Personality журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, итларнинг шахсияти бутун ҳаёти давомида бир хил қолмайди.
Тадқиқотчилар ҳайвонларнинг характери ва уларнинг эгаларига хос психологик хусусиятлар ўртасида маълум боғлиқлик мавжудлигини аниқлаган.
Хусусан, очиқкўнгил ва киришимли инсонларнинг ит ҳамда мушуклари кўпроқ меҳрибон, фаол ва мулоқотга мойил бўлиши кузатилган. Тез-тез хавотирланадиган ва ҳиссий жиҳатдан беқарор одамларнинг уй ҳайвонларида эса қўрқув, безовталик ва баъзан тажовузкорликка мойиллик кўпроқ учраши мумкин.
Олимлар кузатувлар давомида ҳайвонларнинг турли характер хусусиятларини ўрганиб, уларни эгаларининг шахсий фазилатлари билан таққослаган.
Натижаларга кўра, уй ҳайвонларининг фаоллиги, одамларга муносабати ва мослашувчанлиги ёш ўтиши билан ўзгариши мумкин. Бироқ хавотир ва қўрқувга мойиллик нисбатан барқарор хусусият бўлиб чиққан.
Бу уй ҳайвонининг хулқи фақат унинг зоти ёки табиий хусусиятларига эмас, балки яшаш муҳити, тарбияси, бошидан кечирган воқеалари ва инсонлар билан муносабатига ҳам боғлиқ эканини кўрсатади.
Уй ҳайвони болага нимани ўргатади?
Кўп оилалар фарзандлари улғая бошлагач, уй ҳайвони асраб олиш ҳақида ўйлайди. Ит, мушук ёки бошқа жонивор болага меҳр кўрсатиш, тирик мавжудотнинг эҳтиёжларини тушуниш ва масъулиятли бўлишни ўргатиши мумкин.
Ҳайвон билан бирга ўсган болада сезгирлик, раҳм-шафқат ва ғамхўрлик ҳисси ривожланади. У фақат ўзи ҳақида эмас, бошқа тирик мавжудотнинг ҳолати ҳақида ҳам ўйлашни ўрганади.
Бироқ уй ҳайвони ўйинчоқ эмас. Уни уйга олиб келиш билан оила зиммасига доимий мажбурият тушади.
Ҳайвонни ўз вақтида озиқлантириш, сув бериш, сайр қилдириш, яшаш жойини тозалаш, саломатлигини назорат қилиш ва зарур пайтда ветеринарга олиб бориш керак.
Уни узоқ вақт қаровсиз қолдириш ёки боланинг қизиқиши сўнганидан кейин эътиборсиз ташлаб қўйиш мумкин эмас. Шунинг учун уй ҳайвонини асраб олишдан олдин бутун оила бу қарорга тайёр бўлиши лозим.
Ҳайвоннинг мослашувида ёш ва ўтмиш муҳим
Уй ҳайвонининг янги хонадонга қанчалик тез ўрганиши кўп жиҳатдан унинг ёши ва аввалги ҳаёт тажрибасига боғлиқ.
Жуда ёш пайтида олинган кучук ёки мушукча янги оилага нисбатан тезроқ мослашиши мумкин. Каттароқ ёшда бошпанадан ёки питомникдан олинган ҳайвонга эса кўпроқ вақт, сабр ва хавфсиз муҳит керак бўлади.
Уйига кучук асраб олган фуқаролардан бири шундай ҳикоя қилади:
«Итимизни икки ойлигида олиб келганмиз. У бизга жуда тез ўрганиб қолди ва доимо ёнимизда бўлишни истарди».
Бошқа бир оила эса икки ёшли итни питомникдан олиб кетган. Дастлаб у жуда қўрқоқ бўлган ва ошхонада одам турганида ҳатто овқатга яқинлашмаган.
«Мен картондан кичик уйчалар ясаб, уларни чойшаб билан ўрадим ва каравот тагига қўйдим. У дастлаб каравот остидан деярли чиқмасди. Энди биз билан бир йилдан бери яшаяпти, анча ўрганиб қолди. Ҳозир “қўлга” деган команда унинг энг севимли буйруғи», — дейди ҳайвон эгаси.
Бу мисол ишонч дарҳол пайдо бўлмаслигини кўрсатади. Қўрқув ёки оғир тажриба билан яшаган ҳайвонга босим ўтказиш эмас, аксинча, унга вақт, меҳр ва ўзини хавфсиз ҳис қиладиган жой бериш муҳим.
Меҳр ҳайвоннинг характерини ўзгартира олади
Уй ҳайвонлари инсоннинг кайфияти, овоз оҳанги ва муносабатини жуда яхши сезади. Доимий бақириқ, жазо ва бепарволик уларда хавотирни кучайтириши мумкин. Хотиржам муҳит, изчил тарбия ва меҳрибон муносабат эса ҳайвоннинг одамларга ишончини оширади.
Ҳар бир ҳайвоннинг ўзига хос характери бор. Айрими фаол ва ўйинқароқ, бошқаси эса сокин ёки эҳтиёткор бўлади. Уни бошқа ҳайвонлар билан таққослашдан кўра, унинг эҳтиёжлари ва табиатини тушуниш муҳимроқ.
Уй ҳайвонини асраб олиш — шунчаки хонадонга ит ёки мушук олиб келиш эмас. Бу тирик мавжудот учун масъулиятни қабул қилиш, унга хавфсиз уй ва меҳр бериш демакдир.
Эвазига эса ҳайвон инсонга самимий садоқат, ишонч ва шартсиз меҳр ҳадя қилади.































Изоҳлар 0
…