50 ёшдан кейинги 14 одат: қай бири ҳақиқатан хавфли?

Ўриндан кескин туриш айрим инсонларда бош айланиши ва йиқилишга олиб келиши мумкин, бунда қон босими ошмай, вақтинча пасаяди ва бу ҳолат 65 ёшдан кейин кўпроқ учрайди. Эрталаб совуқ сув ичиш ёки югуриш умрни қисқартириши ҳақидаги даъволар ишончли илмий далиллар билан тасдиқланмаган, мунтазам жисмоний фаоллик эса эрта ўлим хавфини камайтириши мумкин.
50 ёшдан кейин организмда тикланиш тезлиги, мушак кучи, қон босимини бошқариш ва уйқу сифатида аста-секин ўзгаришлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо ижтимоий тармоқларда тарқалаётган «50 ёшдан кейин мутлақо мумкин эмас» деган маслаҳатларнинг ҳаммаси ҳам тиббий далилларга мос келмайди.
Айрим одатларга ҳақиқатан эътибор бериш керак. Бошқалари эса ортиқча қўрқитувчи талқин қилинган. Масалан, эрталаб совуқ сув ичиш «томирларга зарба беради» ёки югуриш «умрни қисқартиради» деган даъволарга ишончли илмий асос йўқ.
Ўриндан кескин туришда хавф бор, аммо сабаби бошқача
Ётоқдан бирданига сакраб туриш айрим инсонларда бош айланиши, кўз олди қоронғилашиши ёки ҳатто йиқилишга сабаб бўлиши мумкин.
Бироқ бу ҳолатда қон босими одатда «сакраб юқорига чиқиши» эмас, аксинча, турган пайтда вақтинча пасайиши — ортостатик гипотензия кузатилади.
Mayo Clinic маълумотига кўра, бу ҳолат ёш ўтиши билан, айниқса 65 ёшдан кейин кўпроқ учрайди. Қон босими дорилари, сувсизланиш, диабет ва айрим бошқа касалликлар хавфни ошириши мумкин.
Шу сабаб уйғонгач аввал ўтириб, кейин хотиржам туриш айрим одамлар учун фойдали одат.
Совуқ сув ҳақидаги машҳур қўрқув тасдиқланмаган
«Эрталаб совуқ сув ичиш томирларга зарба беради» деган фикр кенг тарқалган, аммо оддий совуқ сув ичиш соғлом одам учун хавфли эканини кўрсатадиган етарли илмий далил йўқ.
Cleveland Clinic ҳам совуқ ёки илиқ сувнинг қай бири мутлақо яхшироқ экани бўйича илмий маълумотлар чекланганини таъкидлайди. Энг муҳими — организм етарли суюқлик олиши.
Бу ерда муздек сув ичиш билан муздек сувга бутун танани туширишни адаштирмаслик керак. Совуқ сувга кескин шўнғиш юрак-қон томир тизимига анча катта таъсир кўрсатиши мумкин.
Оч қоринга кофе — ҳамма учун «юракка хавф» эмас
Кофени эрталаб овқатланмасдан ичиш баъзи одамларда юрак уришини тезлаштириши, безовталик ёки ошқозон қийнашини кучайтириши мумкин.
Лекин «оч қоринга кофе ичиш юрак учун хавфли» деган умумий қоида тўғри эмас.
Американинг Юрак ассоциацияси 2026 йилги илмий баёнотида кўпчилик катталар учун кунига 400 мг гача кофеин одатда хавфсиз эканини қайд этди. Меъёрда кофе истеъмоли айрим юрак-қон томир касалликларининг пастроқ хавфи билан ҳам боғланган. Реакция эса одамдан одамга фарқ қилади.
Агар кофе сизда юрак уриши, рефлюкс, қалтираш ёки босим ўзгаришига сабаб бўлса, миқдор ва вақтни қайта кўриб чиқиш керак.
Эгилиш ва ҳаракатдан қочиш эмас, хавфсиз ҳаракат қилиш муҳим
50 ёшдан кейин «эгилиш ёки силкиниш мумкин эмас» деган қоида ҳам жуда кескин.
Аксинча, ҳаракатчанлик, мушакларни мустаҳкамлаш ва мувозанат машқлари соғлом қариш учун муҳим. CDC ҳатто 65 ёшдан ошганларга аэроб машқлар билан бирга мушак ва мувозанат машқларини тавсия қилади.
Муаммо кескин ҳаракатда: агар бош айланиши, бўғим муаммоси ёки мувозанат бузилиши бўлса, тез эгилиб-туриш йиқилиш хавфини ошириши мумкин.
«Эрталаб югуриш умрни қисқартиради» — аксинча
Рўйхатдаги энг баҳсли даъволардан бири шу.
Мунтазам жисмоний фаоллик умрни қисқартириши эмас, аксинча, эрта ўлим хавфини камайтириши билан боғланган. CDC маълумотларига кўра, ҳатто кунлик ҳаракатни озгина кўпайтириш ҳам фойда беради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам етарлича ҳаракат қилмайдиган инсонларда ўлим хавфи фаол одамларга нисбатан 20–30 фоиз юқорироқ эканини қайд этади.
Аммо йиллар давомида спорт қилмаган инсоннинг бирданига юқори интенсивликда югуришни бошлаши яхши ғоя эмас. Айниқса юрак касаллиги, юқори босим ёки бошқа сурункали касалликлар бўлса, юкламани босқичма-босқич ошириш керак.
Телефон бўйин ва уйқуга икки томондан таъсир қилади
Ётоқда узоқ вақт телефонни пастга қараб ушлаш бўйин мушакларига ортиқча юк туширади. Cleveland Clinic электрон қурилмалардан фойдаланганда бўйинни доим эгиб турмаслик ва тўғри позани сақлашни тавсия қилади.
Бундан ташқари, тунги ёруғлик уйқу пайтида организмнинг нормал физиологик жараёнларига таъсир қилиши мумкин. Тадқиқотларда ҳатто бир кеча ўртача ёруғликда ухлаш юрак уришининг ошиши ва эрталаб инсулинга сезгирликнинг пасайиши билан боғланган.
Шу сабаб ётоқхонада имкони борича қоронғилик ва экрандан танаффус — анча асосли тавсия.
Нонушта қилмаслик масаласи унчалик оддий эмас
«Нонушта қилмасангиз, энергиясиз қоласиз» деган фикр ҳаммага бир хил татбиқ этилмайди.
Кузатув тадқиқотларида мунтазам нонушта ташлаб кетиш диабет, юқори босим ва юрак-қон томир хавфи билан боғланган ҳолатлар бор.
Бироқ тасодифий назоратли тадқиқотлар натижаси унчалик бир маъноли эмас: нонушта қилмаслик айрим кардиометаболик кўрсаткичларни автоматик равишда ёмонлаштириши исботланмаган.
Шунинг учун асосий масала соат эмас, бутун кун давомидаги овқатланиш сифати ва шахсий саломатлик ҳолатидир.
Кеч овқатланишга эса жиддийроқ қараш керак
Ухлашдан олдин катта овқат истеъмол қилиш ҳақидаги огоҳлантиришда илмий асос кўпроқ.
Назоратли тадқиқотда кечки овқатни соат 22:00 да истеъмол қилиш эртароқ овқатланишга нисбатан тунги қонда глюкозанинг юқорироқ бўлиши ва ёғларнинг камроқ парчаланиши билан боғланган.
2026 йилги мета-таҳлилда ҳам кеч овқатланиш катталарда семириш хавфининг бироз юқорилиги билан боғлиқ экани аниқланган.
Демак, кечки овқатни ухлаш вақтига жуда яқин қолдирмаслик оқилона одат.
Сувни унутиш ёш ўтган сари муҳимроқ муаммога айланади
Сувсизланиш чарчоқ, бош айланиши, бош оғриғи ва диққат пасайишига олиб келиши мумкин.
Ёш ўтган сари тананинг сув захираси камаяди ва чанқоқ ҳисси ҳам кучсизроқ бўлиши мумкин. Айниқса 65 ёшдан кейин сувсизланиш хавфи ортади.
Бироқ «ҳамма кунига фалон литр сув ичиши шарт» деган универсал рақам ҳам тўғри эмас. Юрак ёки буйрак касаллиги бор инсонларда суюқлик миқдори алоҳида белгиланиши мумкин.
Узоқ ўтириш — рўйхатдаги энг асосли огоҳлантиришлардан бири
Соатлаб ҳаракатсиз ўтиришни организмда «димланиш» деб аташ тиббий термин эмас. Лекин узоқ седентар ҳаёт ҳақиқатан ҳам хавф билан боғлиқ.
ЖССТ маълумотларига кўра, узоқ ҳаракатсизлик катталарда юрак-қон томир касалликлари, 2-тур диабет, айрим саратон турлари ва умумий ўлим хавфининг ортиши билан боғланган.
Бунинг энг оддий ечими — кун давомида мунтазам туриб юриш ва ҳаракатни кўпайтириш.
Шошиб овқатланиш ва доимий стресс ҳам эътибордан четда эмас
Тез овқатланиш кўпинча инсоннинг тўйганини сезишидан олдин ортиқча калория истеъмол қилишига олиб келиши мумкин. Ошқозон-ичакда ноқулайлик ёки рефлюксга мойил одамларда бу одат симптомларни кучайтириши мумкин.
Доимий стресс эса янада муҳим. Американинг Юрак ассоциацияси узоқ давом этувчи стресс уйқу, энергия, қон босими ва юрак саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этади.
Аммо «стресс организмни аниқ фалон йилга қаритади» каби иборалар илмий жиҳатдан ўлчанган қоида эмас.
50 ёш — «қизил чизиқ» эмас
Энг муҳим нуқта шу: инсон организми 50 ёшга тўлган куни бирданига бошқача ишлай бошламайди.
Соғлиққа таъсир қиладиган асосий омиллар — қон босими, қанд миқдори, холестерин, вазн, уйқу, жисмоний фаоллик, чекиш, овқатланиш ва мавжуд касалликлар.
Шу сабаб 50 ёшдан кейин энг фойдали стратегия ҳаракатни камайтириш эмас. Аксинча, мунтазам юриш ёки спорт, етарли уйқу, суюқлик, тўғри овқатланиш ва профилактик назорат соғлом қариш учун анча муҳим.
Айниқса узоқ вақт спорт билан шуғулланмаган ёки юрак-қон томир, диабет ва бошқа сурункали касаллиги бор инсон кучли жисмоний машқларни бошлашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашгани маъқул. CDC ҳам бундай ҳолатларда юқори интенсивликдаги машқларни эҳтиёткорлик билан бошлашни тавсия қилади.
Қисқаси, 50 ёшдан кейин ҳамма нарсадан қўрқиб яшаш эмас, нотўғри одатларни тўғри одатларга алмаштириш муҳим.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…