Нега аёллар эркаклардан кам маош олади? БМТ жавоб берди

Нега аёллар эркаклардан кам маош олади? БМТ жавоб берди
Қисқача

БМТнинг янги ҳисоботига кўра, аёллар ўртача ҳисобда еркакларга нисбатан 23 фоизга кам маош олади. 2025 йилда аёлларнинг атиги 48 фоизи расмий меҳнат бозорида иштирок етган бўлса, еркакларда бу кўрсаткич 73 фоизни ташкил қилган, раҳбарлик лавозимларининг еса 31 фоиздан сал кўпроғи аёллар ҳиссасига тўғри келган.

Дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғини аёллар ташкил этса-да, меҳнат бозорида улар ҳануз эркакларга нисбатан сезиларли даражада кам даромад олмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботга кўра, аёллар ўртача ҳисобда эркакларга нисбатан 23 фоизга кам маош олади. Шу билан бирга, раҳбарлик лавозимларининг атиги 31 фоиздан сал кўпроғи аёллар ҳиссасига тўғри келади.

Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда аёлларнинг атиги 48 фоизи расмий меҳнат бозорида иштирок этган. Эркаклар орасида эса бу кўрсаткич 73 фоизни ташкил қилган. Бу рақамлар меҳнат бозорида гендер тафовути ҳали ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Шунингдек, ҳисоботда ҳақ тўланмайдиган парвариш ишлари ва уй юмушларининг тўртдан уч қисмидан ортиғи ҳамон аёллар зиммасига тўғри келиши қайд этилган. Мутахассислар фикрича, айнан шу омиллар ҳам аёлларнинг меҳнат бозорида фаол иштирок этиши ва юқори лавозимларга кўтарилишига салбий таъсир кўрсатади.

Маълумотларга кўра, аёллар бошқарув лавозимларининг қарийб 38 фоизини, раҳбарлик лавозимларининг эса 31 фоиздан сал кўпроғини эгаллаб турибди. Иқтисодиёт, технология ва инновациялар каби стратегик аҳамиятга эга соҳаларда эса бу кўрсаткич янада паст бўлиб қолмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакили Пегги Хикснинг таъкидлашича, аёллар учун етакчилик сари йўл барча учун бир хил эмас.

«Баъзи аёллар учун етакчилик поғонаси тик. Бошқалар учун эса у бузилган. Кўпчилик учун эса у умуман мавжуд эмас», — дейди у.

Ҳисоботда таъкидланишича, аёллар ишга қабул қилиш жараёнидаги тенгсизлик, гендер стереотиплари, иш жойидаги тазйиқ ва зўравонлик, шунингдек, ҳақ тўланмайдиган уй ишларининг катта қисми улар зиммасида экани сабабли касбий ўсишда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда.

Шунга қарамасдан, айрим мамлакатларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Масалан, Марокашда аёлларни раҳбарликка тайёрлаш дастурлари самарасида вазирликлардаги аёл раҳбарлар улуши қарийб 35 фоизга етган. Танзанияда эса уй хизматчиларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

БМТ мутахассислари таъкидлашича, аёлларнинг қарор қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиши нафақат гендер тенглигини таъминлаш, балки иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва жамиятнинг барқарор ривожланиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар