40 миллионга 11 ёшли ўғлини сотмоқчи бўлган аёл жазоланди

Сурхондарё вилоятида 11 ёшли ўғлини 40 миллион сўмга сотишга уринган аёл 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум етилди. У таниш аёл билан келишиб, маблағнинг 20 миллион сўмини дастлаб олишга рози бўлган ва 2026 йил 4 апрел куни Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази яқинида пулни қабул қилган пайтда ушланган. Суд аёлни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси, 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топди.
Сурхондарё вилоятида 11 ёшли ўғлини моддий қийинчиликлар сабаб 40 миллион сўмга сотишга уринган аёлга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Суд қарорига кўра, у 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Дарё» суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Суд материалларида қайд этилишича, айбланувчи ўзига таниш аёл билан 2014 йилда туғилган ўғлини 40 миллион сўм эвазига бериш бўйича олдиндан келишувга эришган. Томонлар маблағнинг 20 миллион сўми дастлаб тўланиши, қолган қисми эса бола харидор номига расмийлаштирилганидан кейин берилиши ҳақида келишиб олган.
Ҳужжатларга кўра, 2026 йил 4 апрель куни Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази яқинида ички ишлар органлари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Учрашувга аёл 2014 йилда туғилган ўғлини ҳам олиб келган. Харидор сифатида қатнашган аёл аввалдан келишилган 20 миллион сўмни берган. Айбланувчи пулни қабул қилган заҳоти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд мажлисида аёл қилган ишидан пушаймон эканини билдирган. Унинг айтишича, учрашувга кетишидан аввал ўғлига: «Ўғлим, сени фарзандликка беряпман, сен яхши яшагин», деб айтган. Айбланувчи жиноятни иқтисодий қийинчиликлар, кўплаб қарзлари борлиги, яшаш учун доимий уй-жойи мавжуд эмаслиги ҳамда оиласи бузилгани сабабли содир этганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ўзи таъминлай олмаган шароитни фарзанди бошқа оилада топишига умид қилган.
Суд материалларида яна қайд этилишича, болани қабул қилиши керак бўлган аёл ушбу таклифнинг ноқонуний эканини тушуниб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тезкор тадбир режалаштирилиб, пул маблағларига махсус кимёвий ишлов берилган ҳамда учрашув тўлиқ назорат остида ўтказилган.
Суд айбланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси, 3-қисми «б» банди, яъни одам савдоси жиноятини содир этганликда айбдор деб топди. Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд қарорига мувофиқ, 2014 йилда туғилган боланинг кейинги васийлигини белгилаш масаласи тегишли мутасадди давлат идоралари зиммасига юклатилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига мувофиқ, одам савдоси жинояти учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Агар ушбу жиноят вояга етмаган шахсга нисбатан ёки бошқа оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, айбдорга 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…