23:06 / 22.11.2021
12 482

Мухлисига турмушга чиққан, Ўзбекистондаги «энг қиммат» бошловчи — Дилноза Кубаева 35 ёшда (фото)

Мухлисига турмушга чиққан, Ўзбекистондаги «энг қиммат» бошловчи — Дилноза Кубаева 35 ёшда (фото)
«Келгинди келин», «Телба», «Барон», «Фарзандим» каби фильмлардаги роллари билан машҳурликка эришган кино ва театр актрисаси Дилноза Кубаева 22 ноябрь санасида туғилган. Қуйида унинг ҳаёт ва ижодий фаолиятига назар ташлаймиз.

«Мактабга боришни истамасдим»
Дилноза Кубаева 1986 йил Тошкент шаҳрида зиёлилар хонадонида туғилган. Отаси биолог олим, онаси эса иқтисод соҳасида фаолият юритган. У оилада ягона қиз бўлиб, икки ўғилдан кейин дунёга келган, бир нафар укаси бор.

Фото: «aidwiki.com»
«Катта отамизнинг исми Кўпайсин бўлган. Собиқ Иттифоқ даврида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага «Кубаева» деб ёзилган. Кейинчалик ўзгартирмадик. Аслида фамилиям Кўпайсинова ёки Кўпаева бўлиши керак.

Уйдагилар ёлғиз қиз фарзанд, деб мени ҳеч қачон эркалатганини эслолмайман. Оиламизда шундай анъана бор эдики, кимда қайси касбга иштиёқ, лаёқат бўлса, у, албатта, қўллаб-қувватланарди, келгусида шу йўлдан кетишига шароит яратиларди. Ҳамиша фикримизни уялмасдан эркин айтишга одатланганмиз.

Фото: «webblog.ru»
Кичиклигимдан бошқаларга қўшилолмасдим, бир чеккада қимтинибгина турадиган қизалоқ бўлганман. Мактабга ҳам боришни истамасдим. Ҳар бир воқеа-ҳодисани ўйлайверардим, «Нега бу шундай? деб. Тан оламан, қийинчиликда ўсганмиз.

Боғчада ўрганган рақсларимни уйдагиларга кўрсатиб, уларнинг олқишини олган беғубор дамлар ҳам кечагидек ёдимда. Мактабда турли байрам кечаларида фаол бўлганман. Микрофонни ушласам, роса ҳаяжонланардим, оёқ-қўлим тинмай қалтирарди (кулади).

Фото: «darakchi.uz»
Мактабни тугатгач, Республика нафис санъат лицейига ўқишга кириб, у ерда устозларимдан санъат бўйича сабоқ олдим. Ўша лицей институтига киришимда пойдевор вазифасини ўтаган, десам муболаға бўлмайди», деган эди Дилноза Кубаева ўз интервьюларида.

Мунаввара Абдуллаеванинг севимли шогирди
2002 йили ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирган Дилноза Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мунаввара Абдуллаевани ўзига устоз деб билади ва уларнинг этагини маҳкам ушлайди.

Фото: «imgur.com»
«Устозларим ичида энг қаттиққўли Мунаввара опа бўлади. Институтга кираётганда ижодий имтиҳонга бошқа абитуриентлар сингари Гули ёки Офелия монологини эмас, Орифхон Одилхонов қаламига мансуб «Қуриб бораётган Орол денгизи» монологини тайёрлаб борганлигим эътиборига тушган экан.

У кучли психолог — ёлғон гапирган талабани дарҳол пайқарди. Ёлғондан нафратланади, ростгўй, меҳнаткаш инсонларни қадрлайди. Ҳалолликка, айниқса, қизларни ўзбекона ҳаё-ибони йўқотмасликка чақирарди.

Олийгоҳда устозлик қилиш билан бир қаторда, худди онам каби йўл-йўриқ кўрсатарди. Баъзида иш юзасидан қўнғироқ қилганимда соатлаб рол хусусида камчиликлар устида ишлардик. Ёрдам сўраганимда ҳеч қачон йўқ демайдилар. Устозимдан камчиликларни танқид қилиш масаласида ўрнак олсак арзийди. Ҳали-ҳамон улар билан ҳар бир ишимни маслаҳатлашаман», дея устози ҳақида гапирган эди актриса.

Фото: «kinopoisk.ru»
Дилноза талабалик давридан, яъни 2004 йилдан Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юрита бошлайди.

Фото: «sayyod.com»
У театрдаги дебют ижроси — Мунаввара Абдуллаева саҳналаштирган «Андишали келинчак» спектаклидаги Олмахон роли билан томошабинлар назарига тушади.

«Андишали келинчак» спектаклидан кадр
Фото: «auz.uz»

Кейинчалик «Омонат дунё», «Бир қанотлилар», «Бевалар», «Сизсиз ўтмас кунларим», «Қуёшни сен уйғотасан», «Алишер Навоий» каби кўплаб саҳна асарларида турли характердаги катта-кичик ролларни талқин қилади.

Ташриф қоғозга айланган «Келгинди келин»
Театр саҳнасида чархланиб, маҳоратини ошириб борган актриса кинодаги ижролари билан мухлислари сафини янада кенгайтиришга эришади. У кинодаги илк ролини «Тақдир чархпалаги» фильмида ўйнайди, аммо бу ижро омадсиз чиқади. Вақт ўтиб «Келинди куёв» киносида суратга тушади ва ундаги роли ҳам актриса кутган муваффақиятни олиб келмайди.

Фото: Instagram
2005 йилда катта экранларга чиққан «Келгинди келин» фильмидаги Чарос образи Дилноза Кубаевани халққа танитади ва мазкур рол унинг ташриф қоғозига айланади.

Актриса интервьюларининг бирида ушбу кинога қай тариқа келиб қолгани ҳақида қуйидагича сўз юритганди:
«Аслида ҳаётда тантиқ, руслашган қизларни ёқтирмайман. Қаҳрамоним Чарос ҳам ана шундай фазилатларга эга бўлса-да, лекин унда қалби борлиги, кўзини ёғ босмаганлиги, ҳис-туйғулари ўлмаган қиз бўлганлиги боис ушбу ролни ўйнашга рози бўлганман. Унинг инсоний фазилатлари, олижаноблиги, асосийси, қалб кўзининг очиқлиги ҳам мени ўзига ром қилган.

«Келгинди келин» фильмидан кадрлар
Фото: «yandex.uz»

Чароснинг ҳам ўзига яраша дарди бор. У ўзидан кечиб, орзусидаги йигитнинг орқасидан қишлоққа келади. Касби орқали оз бўлса-да, қўшнисига ёрдам беради. Шу томонлари ҳам менга маъқул келган.

Тўғриси, бошида бу ролни ўйнай олармиканман, қанақа чиқаркан, томошабинлар қандай қабул қиларкан, деб чўчиганман. Ролим катта бўлганлиги учун суратга олиш жараёнида ижодий жамоадагилар ҳам ёрдам берган. Кино экранга чиққанидан сўнг уни халқимиз яхши қабул қилган. Чарос ролим учун 600 минг сўм гонорар тўлашган. Ҳаммасини онамга берганман.

Фото: «kunutun.uz»
Аммо ҳозир «Келгинди келин» фильмини кўрсам, уяламан. Ўша пайтда энди чиқаётган актриса эдим. Ҳали бу катта майдонда довдираб юрган қизча бўлганман. Мен бунақа кийинмайман, деб талаб қила олмасдим. Образ шуни тақозо қилиши мумкин, тўғри. У қиз шунақа ўсган, лекин бизнинг ўзбекона қадриятлар, урф-одатлар деган нарсалар, муқаддас ҳис-туйғулар бор. Менталитет деган тушунчалар бор, шундан келиб чиқиб бу образимдан уяламан. Бироқ мазкур ролим мени машҳур қилганини, албатта, тан оламан».

Бетакрор ижролар...
«Келгинди келин»дан сўнг Дилноза Кубаевага турли лойиҳалардан таклифлар ёғила бошлайди. «Телба», «Кечиккан ҳаёт», «Бахт уйи», «Кўргим келади», «Келганда келин», «Эр бермоқ — жон бермоқ», «Ҳижрон», «Фарзандим», «Зумрад ва Қиммат», «Жазо», «Ўғригина келин» сингари фильмларда кетма-кет суратга тушади. У иштирокида киноларнинг деярли барчаси ўз томошабинини топади.

«Телба» фильмидан кадр
Фото: «rl0.ru»

Асосан, кинолардаги роллари билан танилган ва шу орқали томошабинлар меҳрини қозонган актриса «Муҳаббатим – қисматим», «Каминанинг оиласи», «Табассум» каби миллий сериалларда ҳам турли қиёфаларда намоён бўлади.

«Эр бермоқ — жон бермоқ» фильмидан кадр
Фото: «kino-teatr.ru»
Фатҳулла Масъудов, Фарҳод Маҳмудов, Фарруҳ Соипов, Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Рихситилла Абдуллаев каби истеъдодли актёрларнинг экрандаги рафиқаси сифатида кўпчиликка таниш актриса 2011 йил «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, 2012 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланади.

Шахсий ҳаёт
Актриса 2008 йилда ўз мухлисига турмушга чиқади. У умр йўлдошининг фикри билан ижодий фаолиятида икки йил танаффус қилади.

Фото: «Tarona.net»
«Раҳматли турмуш ўртоғим тадбиркорлик билан шуғулланганлар, боладек беғубор, яхши инсон бўлганлар. «Келгинди келин» фильмидаги ролимни кўриб мени ёқтириб қолган эканлар. Ўша вақтда ич-ичларидан «Шу қиз мени рафиқам бўлсайди», деган кечинма, туйғу ўтган экан. Кейинчалик «Ўша вақтда ичимдан ўтган туйғу ижобат бўлган», деб хотирлаб юрардилар. Мендан дастхат олиш баҳонасида театрга келганларида танишиб қолганмиз.

«Алишер Навоий» спектаклидан кадр
Фото: «myday»
Биринчи муҳаббатим ҳам, балки сўнгги муҳаббатим ҳам раҳматли жуфти ҳалолимдир. Турмуш ўртоғим жуда ҳам оддий, хокисор, ҳалол одам эдилар. Ҳар хил миш-мишлар чиққан, аммо у гаплар шунчаки миш-миш бўлган, холос. Жуфти ҳалолимни розилиги учун эримга берган аҳдимга содиқ қолдим, шу сабабли икки йил ижоддан кетдим. Уларни норози қилиб, бирор нарсага эришишим мумкин эмас эди.

Фото: «darakchi.uz»
Хўжайиним 30 ёшдан ошганда оламдан ўтдилар, улар мендан миннатдор бўлиб, рози бўлиб: «Сенга тарбия берган онангга раҳмат!», дедилар. Бу гап мен учун бутун умрга татийди. Шунинг учун ўғлимнинг ҳам олдида виждоним пок, унинг кўзига бемалол қарай оламан, унга ҳам барчасини очиқ-ойдин айтаман.

Фото: «kino-teatr.ru»
Ҳаммаси учун розиман. Яхшиям сабрли бўлган эканман, яхшиям қандай кун бўлса ҳам чидаган эканман, яхшиям «касбингни ташла» деган вақтларида ташлаган эканман — мана яна ишлаб кетдим. У инсонни жуда ҳам эъзозладим, худди ёш боладек. Кези келганда эмизикли боламни онамга ташлаб, улар билан бирга касалхонада қолганман», деган эди у.

«Балки, ўғлим шифокор бўлар...»
Актрисанинг ўғли Муҳаммадамин 12 ёшда бўлиб, у мусиқа мактабида ўқийди.

«Муҳаммадамин келгусида қандай касбни эгаллашидан қатъи назар, пойдевори мусиқа билан мустаҳкам бўлишини истайман. Бундан ташқари, мусиқани билган, тушунган инсондан ёмонлик чиқмайди. Қайси соҳани танламасин, танловига ҳурмат билан ёндашаман. Уни ҳеч қачон мажбурламайман. Балки, йиллар ўтиб, улғайгач, орзумдагидек шифокор бўлар. Буни эса энди вақт кўрсатади», дейди у.

Актриса ўғли Муҳаммадамин билан
Фото: Instagram / @realdilnozakubayeva

Дилноза Кубаева миш-мишлар ва муҳокамалар марказида бўлишни ёқтирмайди. Лекин бир неча йил олдин Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков билан оила қургани ҳақида гап-сўзлар болалаган. Кейинчалик икки ижодкор бу шунчаки миш-миш, асоссиз гаплар эканлигини оммага маълум қилди.

Актриса охирги интервьюларида иккинчи марта турмушга чиқиш нияти борлигини айтаркан, уни борича қабул қиладиган инсон билан оила қурмоқчилигини қайд этади.

Фото: Instagram
«Мени боримча қабул қиладиган, экрандаги Дилноза Кубаевани эмас, саҳна ортидаги оддий Дилнозани севадиган, бор нуқсонларим, камчиликларим билан яхши кўрадиган, муаммоларимни тушунадиган, маслаҳатдош, кўнгли тоза, виждонли хислатларга эга бўлган инсон учраса, албатта, турмушга чиқардим», дейди актриса.

Маълумотларга кўра, Дилноза Кубаева тўйларда бошловчилик қилгани эвазига 1000 доллар гонорар сўрайди. Шу боис у Ўзбекистондаги «энг қиммат» бошловчи ҳисобланади.

Фото: Instagram
Бугунги кунда театрда фаолият юритаётган, аммо киноларда кўринмаётган Дилноза Кубаева яқинда Instagram ижтимоий тармоғида шахсий саҳифасини очди. Шу пайтгача унинг номидан юзлаб сохта аккаунтлар очилган эди.

Миролим Исажонов тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мухлисига турмушга чиққан, Ўзбекистондаги «энг қиммат» бошловчи — Дилноза Кубаева 35 ёшда (фото)