Сизда оилавий муаммо борми? Турмуш ўртоғингиз ҳар куни гуллар-у совғалар олиб келмаяптими? Ёки оғир касалмисиз? Балки фарзанд кўрмоқчидирсиз? Буларнинг барини биттада ҳал қилувчи “мутахассис” бор. Курсини сотиб олсангиз бас... Ё биринчи дарсданоқ чув тушганингизни билиб ақлингиз киради, ёки хомхаёллар сизни тарк этмагунича ёлғон курсларга қатнаб юраверасиз.
Бугун республикамизда “мотиватор”, “лайф коач” (ҳаёт мураббийи), “қалбшунос”, “исломий психолог”, “психогенетик” деган номлар билан 100га яқин шахслар фаолият олиб боришяпти. Аммо психологик ёрдам кўрсатувчи бундай “мутахассислар” қанча кўп бўлмасин, натижа кўринмаяпти. Яқинда эълон қилинган дунё мамлакатларининг руҳий саломатлик борасидаги рейтингида Ўзбекистон энг кам балл тўплади ва энг бахтсиз мамлакат деб топилди. Хўш, бу қандай намоён бўлмоқда?
Масалан, мамлакатда тиббиёт тизими яхши ишламаслиги оқибатида дори бизнесининг қандай ривожланганини ва унинг оқибатларини кўриб турибмиз. Худди шу каби бизда психологик хизмат борасида ҳам етарли тизим шаклланмагани бу йўналишда ноинсоф бизнес шаклланишига олиб келяпти.
Бу бизнеснинг жозибадорлиги шундаки, улар жуда катта аёллар аудиториясига эга. Оиладаги ижтимоий, иқтисодий зўравонликлар, молиявий мустақил бўлиш истаги бу аудиториянинг уларга қарамлигини янада оширади. Эшитиб, ҳайратда қолишингиз аниқ. Чунки улар орасида қизларга, турмушдан ажрашган аёлларга миллионер эрга тегишни ваъда қиладиганлариям бор. Ёки ҳар қандай эркакни ақлдан оздириш санъати бўйича маҳорат дарслари дейиш ҳам мумкин. Уларни бемалол эршунослик фани асосчилари деса бўлади.
Аммо бундан бир оғриқни ҳам ҳис қиламизки, гўёки ўзбек аёлларининг эрдан, маиший масалалардан бошқа дарди йўқдай. Шундай оғриқ билан психологга мурожаат қилган, эрини янада эътиборли бўлишини истаган қаҳрамонимиз бутунлай ажримга келиб қолганини айтади:
“Instagram'да роса кузатардим – психологлар эрингиз билан муносабатларни яхшилаймиз. Сизга эътиборли бўлиб қолади деган видеоларини кўрардим. Психологимиз жуда чиройли кийинган, ҳаммани ўзига қаратадиган аёл эди.
Мен билан алоҳида ишлашини сўрадим. “Агар пулига чидасангиз, майли сиз билан алоҳида ишлайман” деди. Икки баравар қимматакан бунақа ишласа майли тўладим. Бир куни эрим билан ҳам ишлашлари кераклигини айтди. Энг катта хатойим шу ерда бўлди деб ўйлайман, ҳаммаси мана шундан кейин бошланди. Ўша психолог аёл билан эримни ўртасида нимадир бошланганини сездим. Эрим тез-тез сафарга чиқадиган бўлиб қолди. Уларни орасида жуда катта, жуда қалин муносабатлар борлигини сездим.
Хуллас эрим ҳозир ўша психологим билан бирга. Иккаласи бирга чет элда саёҳатда юришибди. Ҳатто унга уйланмоқчийкан, мен билан ажрашиб. Келиб менга очиқ айтди буни. Ўзи истаганини шу аёлдан топганини, болаларга алимент тўлашини, лекин биз бирга яшай олмаслигимизни”.
Биз бу бизнеснинг қанчалик даромадли эканлигини билиш учун уларнинг баъзилари билан боғланиб кўрдик. Бу курсларнинг кўпчилиги онлайн ўтказилади, битта курс нархи минимал 1 млн сўмдан бошланиб 1800 долларгача нархларда. Битта курсда ўртача 30 нафардан иштирокчи олинади. Бозорда, масалан, 60 талаб иштирокчиси бор курсларниям топасиз. Ҳисоблаб кўрадиган бўлсак, энг паст нарх деганимиз ҳам битта курсдан 30 млн даромадда турибди. Курсларини 1800 доллардан сотаётганларнинг даромади эса бир неча ўн минг долларларни ташкил этади (солиқ тўланмаслиги – алоҳида мавзу). Янада ҳайратланарлиси, ўша 1800 долларлик курсларда ўқиш учун 2 ой навбат кутиш керак.
Шунингдек, психологлар орасида ўз мижозларини турли касалликлардан тузатишни ваъда бераётганлари ҳам бор. Улар курсларни сотиб олган мижозлари оғир хасталиклардан соғайиб кетишгани ҳақидаги миннатдорчилик хатларини ўз саҳифаларига қўйиб боришади. Уларда ҳатто фарзанд кўролмаётган аёл, психологнинг курсларини сотиб олганидан кейин, ҳомиладор бўлганини ҳам ўқиш мумкин. Бу рекламаларга касаллар-ку ишонишар, чунки бирор хасталикдан тузалишда психологик ишончнинг ўрни катта, лекин фарзанд кўриш истагида бўлганлар курсларда ўқигани сабабли фарзандли бўлишига албатта ишониб бўлмайди.
Бу соҳада яна бир йўналишда фаолият олиб бораётганлар бор. Улар ўзларини психогенетиклар деб атайди. Юқорида саналган бизнес турлари ичида энг хавфлиси шу йўналишдаги “мутахассислар” фаолияти ҳисобланади.
Психогенетика нима?
Психогенетика – юнонча руҳ ва унинг келиб чиқиши деган маънони билдиради. Психогенетика инсоннинг психологик хусусиятлари ва индивидуаллигининг шаклланишида ирсият ва атроф-муҳитнинг ўзаро таъсирини ўрганади.
Аммо бу бизда қандай талқин қилиняпти? Ўзини психогенетик деб йирик тренинглар ўтаётган, юзлаб аёлларга курслар сотаётганлар бу фанга мутлақо тескари ақидаларни сингдиришяпти. Яъни америкалик олимлар – эр-хотин Тойчлар назариясига кўра, тақдирни ўзгартириш, аждодлар хатоларини тузатиш, ота-боболарининг гуноҳлари эвазига ДНКга тушиб қолган тавқи-лаънатни олиб ташлашни тарғиб қилишяпти. Бу эса на динга ва на фанга тўғри келмайди.
Уларнинг уқтиришича, агар инсон бахтсиз, иши юришмаётган, бахти очилмаётган бўлса, қайсидир авлод-аждоди қилган гуноҳлар учун жавоб бераётган бўлади. Шундай машҳур психогенетиклардан бирининг курсларида иштирок этган ва таҳлил қилган мижознинг сўзларига диққат қиламиз:
“Мен ҳам кўпчилик ҳаддан зиёд мақтаганига ишониб сентябрнинг охирида “Янги мен”ни сотиб олдим. Худди ярқироқ “обложка”га ишониб, яроқсиз дафтар олганга ўхшаб қолдим. Ҳеч қандай арзигулик маълумот олмаганман. Аллақачон чиқиб кетганман. Балки умуман илмдан хабари йўқ инсонлар учун қандайдир фойдаси тегар, лекин менга ҳеч қандай манфаати бўлмади. Энг қизиқ томони, ҳамма ўқувчилар учун умумий чат гуруҳи бор ва у ерда ҳафтада бир мартада савол-жавоб бўлади. Мен шокда қолганим, аёлларимиз ўта ғалати саволлар беришар экан: “Боламда аллергия тўхтамаяпти, қайси гуноҳим учун?”, “Катта аммам эридан ажрашгани учун мендаям шу такрорланадими?”, “Курсни бошлаганимдан бери астмам қўзиб қолди, гуноҳим тўкилаётганмикан?”. Мен аввал ҳайратландим, кейин тушундим – демак аёлларимизни шундай саводсизлиги учун ҳам бундай курсларнинг бозори чаққон”.
Бугунги баъзи “психогенетиклар” туфайли уларнинг мижозлари ҳатто ота-оналаридан ҳам кечиб юборяпти. Шундай оналардан бири бу ҳақида гапириб берди:
“Қизимнинг ҳаётида бўлган воқеаларни айтиб бермоқчиман, уям шу психологларга боғланиб қолиб, сал мияси кетиб қолди. Мана ҳозир биз билан ҳам гаплашмай кетган, юзкўрмас бўлдик. Эри уч талоқ ҳам қўйиб бўлди. Жиннисифат бўлиб қолди хуллас. Бу ерда бировга туҳмат қилиш, ёлғон гапириш йўқ. Ибодатли қиз эди. Мен умуман қарши бўлганман, менам онаман. “Сен унақа нарсаларга ишонма, ундан кўра “Тафсири ҳилол”ни ўқигин, Худони танигин. Уларнинг дарди-фикри пул олиш” дедим. Ҳар хили (психологлар)да ўқиб, мияси кетиб бўлди. Мендан нафратланишни бошлади: “Сизнинг гуноҳингиз менинг болаларимга ўтиб кетади”, деб. Ҳозир она-бола юзкўрмас бўлдик, опаларим билан уришди ҳатто. На невараларимни кўра оламан, эриям ташлаб кетди”.
Биз бундан бир йилча аввал аҳолимизнинг сифатли психологик хизматларга муҳтожлиги, аммо бу борада қонунчилигимизда етарли нормативларнинг ўзи йўқлиги ҳақида гапирган эдик. Шундай ҳужжатларни ишлаб чиқиш зарурати ортяпти. Тўғри, яқинда депутатларимиз томонидан ана шундай қўштирноқ ичидаги “психологлар” фаолиятини тартибга солиш кераклиги, бунга оид ҳужжатлар ишлаб чиқилиши кераклиги масаласи кўтарилди. Бугун псевдопсихологлар одамларга оғир хасталиклардан тузалиш, уларнинг эътиқодига рахна солиш, тақдирлари билан ўйнашиш каби хавфли хизматларни тақдим этаверар экан, аҳолининг руҳий саломатлиги оғирлашса оғирлашадики, яхшиланиб қолмайди.
Агар ҳозир тегишли чоралар кўрилмаса яқин орада жамиятда психологик муаммолар янада кўпайиши, депрессия, суицид, ажримлар ортиши мумкин.
Энг ёмони, ўзини “психогенетик”, “психолог” деб танитиб тренинг ўтаётганлар томонидан диний тушунчаларнинг нотўғри талқин қилиниши одамларда турли бузуқ ғояларнинг пайдо бўлишига, расмий диний уламолар билан турли конфликтлар келиб чиқишига олиб келади. Чунки бугун хориж матбуоти ана шундай психолог-эзотериклар етакчилигида турли хавфли секталар пайдо бўлаётгани ҳақида гапиришмоқда.
Худди дори бизнесига қурбон бўлган болаларимиз каби бу соҳада ҳам оғир қурбонликлар юз бермасдан унинг эҳтиёт чораларини кўриш керак.
Гулмира Тошниёзова
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди