Кредит — бу хайр-эҳсон эмас, балки ўз вақтида қайтариладиган қарздир

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2024 йилдаги суд буйруғига асосан, қарздор А.Р.дан ундирувчи банк фойдасига 50 миллион 471 минг 812 сўм кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси Н.Азаматов томонидан қарздор бир неча бор огоҳлантирилиб, қарздорликни ихтиёрий равишда қоплаш имконияти берилган. Бироқ, шунга қарамасдан, қарздор қарзни тўлашдан бўйин товлаб, турли важлар билан ижродан қочиб юрган.
Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари бошланиб, қарздорга тегишли бўлган “Damas” русумли автомашина қидирув орқали аниқланди ва белгиланган тартибда хатланди. Автомашинани электрон аукцион савдоларига чиқариш жараёнлари бошланганидан кейин қарздор вазият жиддий тус олганини англаб етди.
Натижада, автомашинасидан айрилиб қолмаслик мақсадида қарздор яшириб юрган маблағларини банк орқали тўлиқ тўлаб, кредит қарздорлигини бартараф қилди. Шу тариқа, ижро ҳужжати талаблари тўлиқ таъминланиб, ижро иши Қонуннинг 41-моддаси 1-бандига асосан амалда тамомланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!