Бухорода IELTS'дан 8 балл олган 15 ёшли қиз фожиали тарзда вафот этди

Бухоро вилоятида IELTS имтиҳонидан 8 балл олганини яқинлари билан нишонлаган 15 ёшли қиз электр токи уриши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қиз юқори натижага эришгани муносабати билан қариндошлари хонадонга йиғилган. Меҳмонлар тарқалгач, у идиш-товоқларни юваётган вақтида электр қувватлагичига тегиб кетган ва ток уриши оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан аниқлик киритган Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 17 июн куни Ғиждувон тумани ИИБ навбатчилик қисмига 2010 йилда туғилган қизнинг электр токи уриши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойи тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган. Далилий ашё сифатида электр узатгич ҳамда ҳаво совутиш ускунаси олинган. Дастлабки кўрикда марҳуманинг чап қўл кафти ва ўнг оёқ бош бармоғи атрофида электр токи таъсиридан юзага келган шикастлар аниқланган, бошқа тан жароҳатлари қайд этилмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…