23:23 / 21.02.2018
11 680

Наманганда 5 тонна сумалак тайёрланади

Наманганда 5 тонна сумалак тайёрланади
Наманган шаҳрида Наврўз байрами тантаналари доирасида 20-21 март кунлари илк бор ташкил этиладиган "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида 5 тонналик қозонда сумалак тайёрланади. Бу ҳақда Vodiymedia.uz хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, бунча миқдордаги сумалакни тайёрлаш учун 2 тонна буғдой ивитилади. Буғдойдан ташқари, 2 тонна ун, 1 тонна ёғ, 450 кг зоғора уни, 50 кг новвот ишлатилади. Сумалакни тайёрлаш учун 25 нафар онахон – сумалак усталари жалб этилади.

Тайёрланган сумалак барча ташриф буюрган меҳмонларга тортиқ қилиш билан бирга, қариялар ва меҳрибонлик уйларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга тарқатилади.

Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказиладиган "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилмоқда. Ушбу фестивал анъанага айланиши режалаштирилмоқда.

Фестивал моҳиятига кўра ўзида баҳорий янгиланишга хос байрам шукуҳи, ўзбек халқининг миллий қадриятлари эъзози, хайрияпарварлик, барчага шодлик улашиш каби хусусиятларни қамраб олган оммавий сайл сифатида намоён бўлади. "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида шаҳардаги кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ ҳамда хатна тўйлари ўтказилади.

Фестивал давомида турли концерт дастурлари, миллий халқ ўйинлари бўлиб ўтади, иштирокчилар баҳорий миллий таомлардан баҳраманд бўлишади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганда 5 тонна сумалак тайёрланади